Нукус тумани Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғига жавобгарлик чораси қўлланилди

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги Нукус туман Адлия бўлими томонидан Нукус тумани, “Саманбай” ОФЙда яшовчи фуқаро Р.Х.нинг Нукус туман Адлия бўлимига қилган мурожаатига асос ўтказилган текширув давомида Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунининг 28-моддасида ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади деб ва 33-моддасида давлат органи, ташкилот ва уларнинг мансабдор шахслари мурожаат этувчига кўриб чиқиш натижалари ҳамда қабул қилинган қарор ҳақида мурожаат кўриб чиқилганидан сўнг ёзма ёхуд электрон шаклда дарҳол хабар қилиши шарт деб кўрсатилган бўлса ҳам Нукус тумани, “Саманбай” ОФЙда яшовчи фуқаро Р.Х.нинг мурожаатига Нукус тумани Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи Б.С. томонидан 2018-йил 16-февраль куни 443-01-сон хат билан 1 йилдан кейин жавоб қайтарилганлиги аниқланди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги Нукус туман Адлия бўлими “KRuz.uz”га хабар берди.

Мурожаатни ўрганиш давомида аниқланган ҳолатлар бўйича Нукус туман Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи Б.С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексининг 43-моддаси бўйича тўпланган ҳужжатлар ушбу кодекснинг 282-моддасига мувофиқ мазмунан кўриб чиқиш учун Нукус туман Адлия бўлими томонидан Кегейли тумани Маъмурий судига юборилди.

2018-йил 30-май куни Кегейли тумани Маъмурий судининг сайёр суд мажлисида маъмурий иш кўриб чиқилиб, ҳуқуқбузар Б.С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексининг 43-моддаси билан жавобгарлик чораси қўлланилди.

Бўлимлар