Санкт-Петербургдаги 4 кун таасуротлари

21-24 июн кунлари Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрига медиа-тур уюштирилди ва мазкур медиа-турда Ўзбекистондан 6 нафар блогер иштирок этдик.

Тошкент-Санкт Петербург йўналиши бўйича 5 соат парвоз қилгач, Россия вақти билан соат 9:20 да «Пулково» аэропортига етиб келдик. Бизни Родион исмли йигит кутиб олди ва шаҳардан 50 км узоқликдаги Петергоф шаҳридаги «Гранд Петергоф» меҳмонхонасига жойлашдик.

Нукусдаги иссиқ ҳаводан кейин, Питердаги салқин ҳавога мослашиш бироз қийин бўлди. Биз медиа-турни Ломоносовдаги Ўлкашунослик музейини томоша қилиш бошладик. Ундан кейин Россияда бўлиб ўтаётган футбол бўйича жаҳон чемпионати волонтёрлари билан учрашдик.

Санкт-Петербургнинг архитектураси менга жуда ёқди. Ўзимни худди Италияда юргандек ҳис қилдим. Петербургни "кўприклар шаҳри" дейишар экан. Дарҳақиқат кўприклар жудаям кўп. Лекин мен учун бу шаҳар ҳайкаллар шаҳри дейишим мумкин. Чунки музейлар ва тарихий биноларнинг томи, деразаларида ҳайкалла жуда кўп экан. Бундан ташқари кўп қаватли уйларнинг деразалари ва томларида ҳам ҳайкалларни учратиш мумкин.

Дарвоқе, кўп қаватли уйлар ҳақида. Шаҳар марказида қандайдир 10-20 қаватли биноларни учратмайсиз, ҳаммаси 4-5 қаватли бинолар. Лекин ҳар бири ўзгача стилга эга.

Шаҳарда мени диққатимни тортган яна бир нарса шу бўлдики, кўп қаватли бинолар таъмирланганда, ўша бинолар томигача бутунлай ёпиб қўйилиб, таъмирланар экан. Яъни қурилиш ишлари аҳолига ҳалақит қилмайди. Чанг тўзон йўқ. Бу тажрибани ўрганса бўлар экан.

Йўловчилар ва ҳайдовчилар маданияти таҳсинга лойиқ. Масалан йўловчилар учун қизил чироқ ёниб турган бўлсаю, йўлда бирорта ҳам автомобил йўқ бўлса ҳам пиёдалар йўлни кесиб ўтишмайди. Ҳамма кутиб туради ва кўк чироқ ёнганда бирданига ўтишади. Йўлда бирорта автомобил йўл қоидасини бузганини кўрмадим. Балки йўл қоидаси бузулишлари кўп бўлар. Лекин мен кўрмадим.

Питерда сим-карта ололмадим. Лекин ҳар қадамда wi-fi борлиги учун сим-картага ҳожат ҳам қолмади.

Биринчи куни кечки соат 21:15 да «ужин» қилайитган пайтимиз, деразадан қуёш нурлари тушиб турарди. Бироз ўйланиб қолдим ва ёнимдаги шерикларимдан сўрадим: «Ҳозир кечки овқатни еяпмизми ёки эрталабки нонуштани қиляпмизми?». Кечки овқатни тановвул қилаётганда қуёш чарақлаб турса ғалати кўринарканда. Маълум бўлишича Санкт-Петербургда ёз кунлари «Ойдин тун» бўлар экан.

Иккинчи куни жаҳон чемпионати ўйинларини томоша қилиш учун фан зонага бордик. Кўчаларда ариқлар йўқ. Балки Нева дарёси шаҳардан ўтиб тургани учун ҳам ариқларга ҳожат йўқдир. Баннерлар ҳам кам. Сувенир сотувчилар ҳар қадамда учрайди. Йўлда, метрода, вокзалда, аэропортда… Лекин сувенирлар асосан Санкт-Петербург ҳақида. Жаҳон чемпионатига оид сувенирлар кўп эмас.

Петербургга кетишдан олдин ҳам, борганимдан кейин ҳам кўплаб танишларим «Эрмитаж»га бор» дейишди. Дарҳақиқат, улар бекор бу гапни айтишмаган экан. Музеймисан музей. Биз Молдовалик хонанда қизлар билан бир гуруҳда бўлдик ва бизга ажратилган гид берилиб музей тарихи ҳақида сўзлаб берди. 2 соат давомида музейни айландик. Вақт камлиги учун бу жой тўлиқ танишиб чиқа олмадик.

Бизни 3 та соборга ҳам олиб боришди. Ажойиб архитектура. Деворлар расмларга тўла, бўш жой бўлса ҳайкалчалар ўрнатиб ташланган. Бу энди алоҳида мавзу.

Медиа-турнинг учинчи кунида Санкт-Петербургдаги мактаб ўқувчиларининг битирув кечаси «Алие Парус» концертида иштирок этдик. Россия эстрадасининг энг машҳур хонандалари куйлаган концертда 45 мингдан ортиқ одам иштирок этди. «Эрмитаж»ни олдидаги майдонда бўлган концерт ажойиб ўтди. Соат 00:40 да мушакбозлик бошланди. Роппа-риса 20 дақиқа давом этган мушакбозлик мен кўрганларим ичидаги энг зўри эди. Одамлар мушакбозликни кўриш учун музейнинг деразаларигача чиқиб олишди. Айтганча кўчда юрганимизда 30 дан ортиқ ватандошларимиз байроғимизни кўриб, хурсанд бўлиб биз билан расмга тушишди. Хорижда ўз ватандошингни учратишдан ҳам ёқимли туйғу йўқ бўлса керак.

Санкт-Петербургда ўқиётган ва ишлаётган қорақалпоғистонлик 9 нафар танишим меҳмонга чақирди. Бу албатта қувонарли эди. Ахир чет элда сени ватандошларинг меҳмонга чақирса қандай ёқимли. Бироқ вақт камлиги учун улар билан кўриша олмадим. Уйга қайтишдан олдин бир танишим билан шаҳар бўйлаб сайр қилдик. Метрога тушдик. Нархи 40 рубл экан. Метро поездлари 1 дақиқа оралиқда ҳаракат қилар экан. Бирор манзилга бориш учун кўп ватқингиз кетмайди.

Петергофдан шаҳар марказига бориш учун такси чақирган эдим. Такси ҳайдовчиси самарқандлик экан. 50 км масофани босиб ўтгунча у билан суҳбатлашиб бордим. Айтишича 5 йилдан буён шу ерда ишлаётган экан. «Яндекс такси» қимматроқ экан. 50 км масофага 1200 рубл бўлар экан.

Санкт-Петербургда ўзимни худди уйда юргандек ҳис қилдим. Аэропортдан чиққан заҳотимиз «такси керакми» дея ўзбекча кутиб олишди. Меҳмонхонада 3 нафар ватандошимиз ишлар экан. Тушлик қилишга кафега кирган эдик, кафенинг эгалари ҳам, ходимлари ҳам ўзбекистонлик экан. Таксида ҳам, кўчаларда ҳам ватандошимиз. Ўзингни бегонадек ҳис қилмайсан.

Медиа-тур давомида биз «Район. Кварталы» ва «Санкт Петербургские ведомости» газеталари таҳририятига, жаҳон чемпионатининг медиа маркази ва Петербург ёшлар ташкилотига ташриф буюриб, ўзаро тажриба алмашдик.

Хуллас, Санкт-Петербургдаги тўрт кунимиз мазмунли ўтди. Ухлаш учун бир кунда атиги 3-4 соат вақт ажратдик. Ухлашдан кўра, кўпроқ нарсани кўриб, кўпроқ ёзишни ўйладик. «Пулково» аэропортидан самолёт Тошкент томон парвоз қилар эканман, «Кўришгунча Питер» дедим. Чунки ҳали яна Санкт-Петербургга қайтишни ният қилдим.

Фурқат Юсупов

Бўлимлар