Ўзбекистон Президентлигига сайлов 4 декабрь куни ўтказилади

9-сентябр куни Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси (МСК)нинг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни МСК раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов бошқарди, дея хабар бермоқда комиссия матбуот хизмати.

Мажлисда Марказий сайлов комиссияси аъзолари, сиёсий партияларнинг раҳбарлари ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди. Мажлис қатнашчилари Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасини ёд этиб, ҳурмат бажо келтиришди.

Ўзбекистон Конституциясининг 96, 117-моддалари ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддасига, «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги Қонуннинг 5 ва 9-моддаларига мувофиқ 2016 йил 4 декабрь, якшанба кунини Ўзбекистон Президенти сайлови куни деб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Марказий сайлов комиссияси мажлисида Ўзбекистон Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Асосий тадбирлар дастури ҳам тасдиқланди.

Мажлисда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирлар Марказий сайлов комиссияси, тузиладиган сайлов комиссиялари томонидан очиқ ва ошкора, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонунга тўлиқ мувофиқ ҳолда амалга оширилиши таъкидланди.

Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказини тузиш ҳақида қарор қабул қилди. Матбуот маркази Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 16-уй манзили бўйича жойлашган.

Бўлимлар