Қосколлик Расулжон 800 метрдан уйига сув таширди. Нукус шаҳар прокурори ташаббуси билан энди унинг уйигача сув келадиган бўлди

Нукус шаҳар прокуратураси шу йилнинг 20 июль куни Нукус шаҳрининг чекка қисмида жойлашган  “Қоскол-4”  “Жангабазар" МФЙда бўлиб аҳолининг муаммоларини ўрганди.

Ўрганиш давомида “Жангабазар" МФЙда  истиқомат қилувчи Турсунова  Гулбаҳор бу ердаги муаммоларга айтиб ўтди:
- “Жангабазар" МФЙга кўчиб келганмизга анча бўлди. Бу ерда 2007 йилдан бери сув муаммоси бизни қийнайди. 800 метр олисдан невараларимиз ёзнинг жазирамасида сув ташишади. Ўзингиз кўриб турган мана шу иссиқда улар ҳам ҳолдан тойиб, тез-тез касал бўлиб қолишаётганди. Одамлар уйларига бозордан нон кўтариб келишса, биз сув кўтариб келардик."

Онахонимиз “Жангабазар" МФЙдагиларни қийнаётган яна бир муаммони айтдилар:
“- бизнинг МФЙмиз нисбатан янги ташкил қилингани ва Нукуснинг чекка қисмида жойлашгани учун “маршрутка" масаласи қийин. Бу ерга 62-, 28 - йўналишдаги "маршрутка"лар келади. Аммо улар ярим йўлда тўхташади. Аниқроғи, "маршрутка"лар фақат катта йўлгача келишади."

Нукус шаҳар прокурори Р.Т.Халмуратов бу ердаги аҳолинининг муаммоларни тинглаб, уларни атрофлича ўрганганди. “Жангабазар" МФЙга 84 та хонадонга 915 метрдан сув тортиб келинадиган бўлди. Сув тортиб келиш ишлари шу вақтнинг ўзида бошлаб юборилди.

Аҳолини қийнаётган “маршрутка" масаласи ҳам ижобий ҳал қилинди.

Шуҳрат Саидаҳмадов тайёрлади.

Бўлимлар