Руслан Қўзибоев Озарбайжондаги ошпазлар танловида ғолиб бўлгани ҳақида гапириб ўтди

Хўжайли туманидаги Тахиатош энергетика касб-ҳунар коллежининг 3-босқичида таҳсил олаётган Руслан Қўзибоев 25-30 август кунлари Озарбойжон Республикасининг Гобала шаҳрида ўтказилган халқаро ошпазлар танловида биринчи ўринни эгаллаб қайтди

Шу муносабат билан касб-ҳунар коллежида ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси ўрта-махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси, “Қорақалпоқ умумий овқатланиш корхоналари” уюшмаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати республика кенгаши вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 октябрдаги “Умумий овқатланиш ташкилотларининг фаолиятини янада такомиллаштириш ва ходимларининг касбий даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси ва Ўрта-махсус касб-ҳунар таълими бошқармалари томонидан ҳамкорликда амалга оширилаётган самарали ишлар таъкидланди.
Тахиатош энергетика касб-ҳунар коллежида 2013 йилда янги йўналиш – ошпазлик мутахассислиги ташкил этилиб, дастлаб 20 нафар ўқувчи таҳсил олган бўлса, бугунги кунда бу ерда 60 дан зиёд йигит-қиз ошпазлик ва қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш сирларини эгалламоқда. Айни чоғда билим юртида 7 йўналиш бўйича 849 нафар ўқувчи таълим олиб, ҳунар ўрганмоқда.
— Дунёнинг 37 давлатидан тажрибали ошпазлар иштирок этган танловда мен ҳеч бир халқда учрамайдиган қорақалпоқ миллий таоми – жўхори куртик овқатини тайёрлаб, хайъат аъзолари эътиборига ҳавола қилдим, — дейди Руслан Қўзибоев. — Мен пиширган ширин таом кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Ҳатто, унинг тайёрланиш рецептини беришни илтимос қилганлар ҳам бўлди.
Тадбирда халқаро танлов ғолиби Р.Қўзибоевга Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси, Шеф-поварлар ҳамжамияти Бутунжаҳон уюшмаси, Ўзбек ошпазлик санъати халқаро марказининг Фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари топширилди.
А.ОРТИҚБОЕВ.

Бўлимлар