Қорақалпоғистонга бир нечта хорижий давлатлардан инвестициялар жалб қилинмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 26 июль куни хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш, бу борадаги камчиликларни бартараф этиш, сармояларни ўзлаштиришни жадаллаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида мамлакатимизда истиқболли инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш ва ўрганиб чиқиш бўйича қатор топшириқлар ва аниқ вазифалар белгилаб берилган эди.

Ушбу вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида видеомулоқот тарзида мажлис бўлиб ўтди.

Мажлисга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Б.Асадов, Ўзбекистон Савдо саноат палатаси раиси А.Икромов ва мутасадди вазирликлар, қўмиталар, бошқарма бошлиқлари, туман ҳокимларининг ўринбосарлари иштирок этди. Шунингдек видеомулоқотда Ўзбекистон Республикасининг Хитой, Япония, Жанубий Корея, Германия, Кувайт, Америка Қўшма Штатлари, Индонезия давлатларидаги бириктирилган дипломатик вакилхоналарининг раҳбарлари қатнашди.

Мажлисда чет эл давлатларидаги элчилар билан биргаликда Қорақалпоғистонга тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш ва бу борада тасдиқланган «Йўл харита»ларининг ижроси атрофлича кўриб чиқилди.

Бугунги кунда чет эл инвестицияларини республикамизга олиб келиш ва уларнинг инновацион лойиҳаларини амалга ошириш борасида барча қулайликлар ва кенг кўламли имкониятлар яратиб берилмоқда.

Ушбу яратилган имкониятлар натижасида Хитой, Жанубий Корея, Въетнам ва Қозоғистон давлатлари билан
11 меморандум имзоланди ва “Йўл харита”лари ишлаб чиқилди. Германия, АҚШ, Хитой, Чехия, Япония, Корея ҳамда Туркия давлатларининг катта компаниялари вакиллари республикамизга келиб, ҳамкорликда фаолият олиб бориш бўйича қатор шартномалар имзоланди.

Мажлисда бу борадаги ишларни янада жонлантириш мақсадида ишчи гуруҳ аъзолари томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманларини ўрганиб чиқиш натижасидаги имкониятлари ва бу бўйича аниқ инвесторларни белгилаб олиш бўйича таклифлар билдирилди.

Шунингдек, ҳар бир оила тадбиркор дастури асосида кичик лойиҳаларини киритиш, яъни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан қурилиш молларини ишлаб чиқарувчи минитехнологияларни республикамизга олиб келиш режалаштирилмоқда.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтишимиз керак, республикамиздаги ишчи гуруҳ ҳокимликлар делегациясини чет элларга хизмат сафарига жўнатиш олдидан видеомулоқотлар ташкиллаштириб бориш назарда тутилмоқда. Аҳамиятли тарафи шундаки жорий йилнинг 25-26 август кунига қадар истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва
27-28 сентябрь кунлари мамлакатимизда бўлиб ўтадиган халқаро инвестиция форумига чет эл инвесторларининг иштирок этишига катта аҳамият қаратилмоқда.

Мажлис давомида элчилар ўзларининг олиб бораётган ишлари тўғрисида ҳисобот берди. Чет эл инвестицияларини ўзлаштириш ва лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Мажлис якунида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов Ўзбекистоннинг хориждаги элчиларига ўз миннатдорчилигини билдирди ва биргаликда ишлашга доимо тайёр эканлигини таъкидлаб ўтди.

 

 

Бўлимлар