НДПИда чет эл фуқаролари ҳам ўқиши мумкин. Ҳужжатлар қабул қилинмоқда

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти 2018-2019 ўқув йили учун жами 26 таълим йўналиши бўйича бакалаврлар (кундузги) қабул қилишни режалаштирган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 4 августдаги «Хорижий фуқароларни Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш ва ўқитиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги 169-сонли қарори асосида, чет эл фуқаролари ҳам педагогика институтидаги 26 бакалавр (кундузги) йўналишлари бўйича ҳужжат топшириши мумкин.

Чет эл фуқаролари Нукус давлат педагогика институти қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни топшириши керак:

- ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги ариза;
- ўрганилган фанлар ва улар бўйича имтихонларда олинган баҳолар (баллар) кўрсатилган маълумоти тўғрисидаги ҳужжатларнинг асл нусхалари ва нотариал тасдиқланган нусхалари;
- соғлиғи тўғрисидаги тиббий хулоса;
- миллий паспорт (амалдаги визаси билан) ёки туғилганлиги тўғрисида гувоҳнома;
- 4х6 см ўлчамдаги 6 дона фотосурат.

Эслатиб ўтамиз, чет эл фуқароларидан ҳужжатлар шу йилнинг 20 август санасига қадар қабул қилинади.

 

Karinform.uz: Ислам Матеков.

Бўлимлар