Президент ёшлар масалaси бўйича яна бир қарорни имзолади

Ўзбекистон Республикаси президенти Ш.М.Мирзиёевнинг ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш ишларининг сифатини ҳамда педагог кадрларнинг ижтимоий мавқеини янада оширишга қаратилган тарихий қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов. Бу ҳақда Kun.uz' ёзмоқда.

Ўзбекистон Республикаси президенти Ш.М.Мирзиёев жорий йилнинг 13 август куни “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан 
янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қабул қилинган қарорнинг асосий мақсади мамлакатда баркамол авлодни шакллантириш, ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларни мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантириш ҳамда ўқитувчилик касбининг жамиятдаги нуфузини янада оширишга қаратилган.

Қарорда мактабгача таълимнинг замонавий тизими, 11 йиллик умумий ўрта таълим жорий қилинганлиги, замонавий олий таълим муассасалари ҳамда нуфузли хорижий университетларнинг филиаллари ташкил этилганлиги, ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш бўйича ишларни мутлақо янги тизим асосида ташкил этиш мақсадида “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури қабул қилинганлигига қарамасдан, бу борада айрим муаммолар сақланиб қолаётганлигини қайд этилган.

Ёш авлодни тарбиялаш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш, таълим-тарбия сифатини мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтариш, ўқитувчилик касбининг нуфузини ошириш мақсадида, шунингдек, 
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга 
таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Мазкур дастурда қуйидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди:

юксак маънавиятли, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқарашга эга бўлган фидойи ва ватанпарвар ёшларни тарбиялаш;

ёшларни ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик руҳида тарбиялаш;

педагог ходимларнинг қадр-қиммати ва нуфузини ошириш, уларнинг моддий-маънавий ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш;

ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, улар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар содир этилишининг олдини олиш;

ёшлар жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун шарт-шароитлар яратиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш;

ўқувчи ёшларни ижтимоий муҳофаза қилиш, ижтимоий эҳтиёжманд оилалар фарзандларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш.

Бўлимлар