Нукус деҳқон бозорида савдо кўргазмаси бўлиб ўтди. Маҳсулотлар анча арзон!

Шу йилнинг 27 август куни Нукус шаҳри Марказий дехқон бозорида “Мустақиллигимизга менинг туҳфам” шиори остида  Қорақалпоғистонда фаолият юритаётган тадбиркор ва фермерлар томонидан ишлаб чиқарилган, маҳаллий бозор ва экспортга жалб қилинган махсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. 

 

Кўргазма-савдонинг очилиш маросимида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Якубов Бахтиёр Султонназирович, O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Турманов Сағиндиқ Турганбоевич ва бошқалар иштирок этишди.

 Кўргазма-савдода ўз маҳсулотлари билан 50 дан ортиқ тадбиркор, фермер, деҳқонлар ўзлари етиштирган маҳсулотларини билан иштирок этишди.

- Текстиль маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонамиз 2011 йилда икки нафар ҳодим билан иш бошлаган эди. Мана, давлатимизда тадбиркорликка яратиб берилган кенг имкониятлар натижаси улароқ ишимизни кенгайтириб Қорақалпоғистоннинг учта туманида корхонамиз филиалларини очиб, ишчилар сонини ўттиз нарафга етказдик. Яқинда корхонамизда пайпоқ ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилди. Бугунги тадбирда 40 турдаги маҳсулотларимиз билан иштирок этмоқдамиз. Бу каби тадбирлар тадбиркорларнинг ўз маҳсулотларини маҳаллий бозорга чиқариш, ўзини таништириш учун яхши имконият, - дейди “ЗарДилДилбар” МЧЖ раҳбари Паруаз Ережепова.

- Ярмаркадаги деҳқончилик маҳсулотлари анча арзон. Чимбойда узум 5 минг сўм, бу ерда эса 3 минг сўмдан энг сара узумларни харид қилдик. Бундай кўргазмалар кўп бўлиб турса, халққа жуда фойдали бўлар эди, - дейди кўргазмага Чимбойдан келган харидорлардан бири. 

 

Эслатиб ўтамиз, ушбу ярмарка Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг жорий йил 28 июндаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан “Мустақиллигимизга менинг туҳфам” шиори остида ташкил этилди.

Бўлимлар