Буюк Британиянинг The Independent газетасида Орол ҳақида «Йўқолган денгиз тарихи» номли мақола чоп этилди

Буюк Британиянинг нуфузли The Independent газетасида «Йўқолган денгиз тарихи» номли мақола чоп этилди. Бу ҳақда «Халқ сўзи Online»га асосланиб "Daryo.uz" хабар бермоқда.

Британиялик журналистларнинг фикрича, бир пайтлар мовий денгиз бўлган Орол эндиликда қуриб бораётган сув омборига айланди. Ушбу муаммо шунчаки маҳаллий миқёсдаги фожиа эмас, балки умумбашарий хавфдир. Орол ҳудудидан кўтарилган тузлар дунёнинг турли давлатлари ва минтақаларига етиб бораётир.

1992 йили ташкил этилган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси фаолиятига тўхталар экан, нашрда мазкур тузилма доирасида қишлоқ хўжалиги экинларини экиш, ҳудуд аҳолисининг яшаш шароитини яхшилаш, ер ва сув ресурсларини асраб-авайлаш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилгани қайд этилади.

Хитой медиакорпорациясида тарқатилган хабарда маълум қилинганидек, минтақа давлатлари раҳбарлари Оролни қутқариш халқаро жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш, минтақадаги экологик вазиятни яхшилаш, сув ресурсларини мувофиқлаштирган ҳолда бошқариш, бу борада мамлакатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратди.

АҚШнинг The New York Times газетасида эса сўнгги йилларда Орол атрофи хорижлик сайёҳларда тобора катта қизиқиш уйғотаётгани эътироф этилади.

«Дунёнинг турли нуқталаридан келган меҳмонлар бу ердаги манзарадан ҳайратга тушмоқда. Ижтимоий тармоқларда мазкур ҳудуддаги кемалар ёнида тушилган расмлар тобора оммалашмоқда. Кейинги пайтларда бу ерда меҳмонхоналар сони ортяпти. 14 сентябрда Мўйноқда электрон мусиқа фестивали ўтказилиши кутилмоқда», — дейилади мақолада.

Бўлимлар