Мўйноқда полипропилен қопларни ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди

Юртимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари барча шаҳару, туманлар ва ҳаттоки олис қишлоқлар қиёфасини ўзгартириб юборди. Жумладан, республикамизнинг энг чекка ҳудудларидан ҳисобланмиш Мўйноқ тумани ҳам бугинги кунда мисли кўрилмаган ўзгаришлар майдонига айланиб бормоқда.
Президентимизнинг 2017 йил 28 мартдаги “Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини 2017-2018 йилларда иқтисодий ривожлантириш ва бандликни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Мўйноқ” кичик саноат зонаси барпо этилди. Мазкур кичик саноат зонасида электротехника, қурилиш материаллари, суғориш ускуналари, сув насослари, сув ҳисоблагичлари, сув қувурлари, тайёр трикотаж, тикувчилик ва бошқа замонавий маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича бир қанча инвестицион лойиҳалар ишлаб чиқилиб, босқичма-босқич ишга туширилмоқда.
Яқинда мазкур лойиҳалардан яна бири «Qara-Oy Moynaq-Bobur» масъулияти чекланган жамиятининг «Полипропилен қопларни ишлаб чиқариш» лойиҳаси ишга туширилиши мўйноқликлар учун яқинлашиб келаётган мустақиллик байрами олдидан байрам совғаси бўлди, дея хабар қилди Мўйноқ тумани давлат солиқ инспекцияси бўлим бошлиғи Н.Артикова. 
Жами қиймати 3 миллиард 200 миллион сўм бўлган корхонада 33 нафар хотин-қизлар доимий иш билан таъминланди. Корхона йилига 6 миллион дона қоп ишлаб чиқаришга мўлжалланган.
–Ҳурматли Президентимизнинг Мўйноқ туманига қаратаётган эътибори тобора ортиб бормоқда, - дейди «Qara-Oy Moynaq-Bobur» МЧЖ иш юритувчиси Эргаш Юсупов. 
- Туманимизда ташкил этилган кичик саноат зонасида жойлашган кўлами 1 гектар бўлган иморатнинг «ноль» қийматда берилиши ва 1 миллиард 200 миллион сўм имтиёзли кредитларнинг ажратилиши лойиҳанинг сифатли амалга оширилишида муҳим ўрин эгаллади. Лойиҳа бўйича яратилиши лозим бўлган 25 та иш ўрни эди, биз эса амалда 33 та янги иш ўрнини яратдик. Корхонамизда кунига 15 минг дона полипропилен қоплар ишлаб чиқарилмоқда. Кейинги ойдан бошлаб харидорлар буюртмасига асосан ишлаб чиқаришни купайтирмоқчимиз. Корхонага махсус ускуналар Хитой Республикасидан келтирилиб ўрнатилди. Ҳозирда маҳсулотимиз фақат республикамизда мижозларимизга етиб бормоқда. Кейинчалик ишлаб чиқариш учун ускуналаримизни кўпайтириб, маҳсулотимизни экспортга чиқаришни ҳам мақсад қиламиз. Шунингдек, корхонамиз барча турдаги солиқлардан 2027 йилгача имтиёзга эга бўлганлиги фаолиятимизни яна да кенгайтириб боришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Тежалган маблағлар эвазига щуъба корхоналар барпо этиш, маҳсулотимиз турини кўпайтиришни ва ходимларни рағбатлантириб боришни ният қилганмиз. Мақсадимиз келажакда Мўйноқ туманини иқтисодиёти ривожланган ҳудудга айлантиришдир. 
Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, «Ислоҳот - ислоҳат учун емас, аввало инсон учун» ҳаётий тамойил бугун юртимизда ҳар бир жабҳада ўз кўринишини топмоқда.
 

Karinform.uz: Сахибжамал Есемуратова.

Бўлимлар