Савицкий музейидаги устига сув сачраши натижасида зарар кўрган «Челак кўтарган аёл» картинаси реставрация қилинмоқда

Нукусдаги И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейида А.В.Шевченконинг «Челак кўтарган аёл» картинаси реставрацияси бошланганига оид брифинг ўтказилди. Брифингда И.Грабарь номидаги Бутунроссия бадиий илмий-реставрация ва консервация марказидан ташриф буюрган реставратор Надежда Кошкина ОАВ вакилларига ушбу ноёб картинанинг ҳолати, уни реставрация жараёнига оид маълумотларини тақдим этди.

Жорий йил июль ойида И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейида ёнғинга қарши хавфсизлик тизимининг беихтиёр ишлаб кетиб, сув сачраши оқибатида А.В.Шевченконинг «Челак кўтарган аёл» картинаси шикастлангани ҳақида хабар тарқалган эди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ушбу ноёб картинани қайта тиклаш учун А.С.Пушкин номидаги Давлат тасвирий санъат музейининг реставрация ва консервация бўлими раҳбари ўринбосари, И.Грабарь номидаги Бутунроссия бадиий илмий-реставрация ва консервация марказининг тажрибали реставратори Н.Кошкина таклиф қилинди.

Сентябрь ойи бошидан реставрация ишларин бошлаган етук мутахассис картинанинг буёқли қатламидаги зарар етказилган майдон аниқланди, шунингдек, қатор консервациялаш жумладан, расмнинг шикастланган қисмида буёқ қатламининг энг майда фрагментларини йиғиш орқали картинанинг бутунлигини тиклаш ишлари амалга оширилди.

- Картинага зарур консервациялаш ишлари амалга оширилиши натижасида бузилиш ҳолати бартараф этилди. Картина бутунлай тикланади, - дейди рестовратор Н.Кошкина. – Олиб  борилган ишлар натижасига кўра картинанинг суёқ қатламиндаги бузилган жойлар кўлами аниқланди. Картинанинг 10 фоизига шикаст етган.

Надежда Кошкина бутун умрини Россиянинг маданий меросини сақлашга бағишлаган. У дастгоҳли мойбуёқ картиналар бўйича етакчи реставратор сифатида юздан ортиқ ғарбий-европалик ва россиялик рассомларнинг картиналарига қайта ҳаёт бағишлаган, жумладан А.В.Шевченконинг ҳам бошқа бир картинасини реставрация қилган.

Ҳозирда А.В.Шевченконинг «Челак кўтарган аёл» картинасини тиклашнинг биринчи қисми якунланди. Реставраторнинг таъкидлашича, картинани тиклаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, Савицкий музейида содир бўлган бахтсиз ҳодисадан кейин айрим мутахассислар мазкур санъат асарини тикланиб бўлмас даражада зарар кўрганлигини таъкидлаган бўлса, айрим манбаларда картинанинг 60-80 фоизи қаттиқ шикастлангани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Е.Қаноатов,  ЎзА

Бўлимлар