“Даут-ата” чегара постидан пневматик қуролни ноқонуний равишда олиб ўтишмоқчи бўлишди

“Даут-ата” чегара постида фуқаро Э.А. бошқарувидаги автотранспортдан 1 дона пневматик қурол яширилганлиги аниқланди, деб хабар бермоқда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Ахборот хизмати.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан ўқ-отар қуроллар ва ўқ-дориларнинг ноқонуний олиб ўтилишига қарши чора-тадбирлар мунтазам давом эттирилмоқда, - дейди бошқарма Ахборот хизмати раҳбари Женис Сапарбаев. - Россия Федерациясидан Ўзбекистон Республикасига ҳеч қандай ҳужжатларсиз ушбу қуролни ноқонуний олиб келаётган фуқаро Э.А. пневматик қуролни автотранспорт воситасининг остки қисмидаги электр кабель ва  ёқилғи қувурининг ҳимоялаш қурилмасига яшириб олиб ўтмоқчи бўлган.

Шунингдек, шу пост орқали кириб келган фуқаро Ж.Б.нинг ҳаракатлари божхона ходимларида шубҳа уйғотади ва қўл юклари божхона кўригидан ўтказилди. Натижада юклар орасида 150 дона 16 калибрли ов милтиғининг гильзаларини ноқонуний равишда Россия Федерациясидан республикамизга олиб кирмоқчи бўлганлиги аниқланди.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, шу йилнинг ўтган даври мобайнида бошқарма ходимлари томонидан 1 дона ўқ отар қурол, 12 та патрон, 5442 дона капсюль, 2865 гр. порох, 182 дона гильза, 1 дона пневматик қурол ҳуқуқбузарлардан далилий ашё тариқасида олиб қуйилган.

Е.Қаноатов, ЎзА

Бўлимлар