Қорақалпоғистонда илк бор брикет ишлаб чиқариш корхонаси ишга тушди. Унда йилига 20 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилади

Қорақалпоғистон Республикаси Шўманой туманининг «Бегжап» ОФЙ ҳудудида брикет ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилди. Ҳудудда илк бор ташкил қилинаётган мазкур корхонада йилига 20 минг тонна брикет ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.

- Корхонамиз Қанликўл, Шўманой, Хўжайли туманларининг брикетга бўлган талабини қаноатлантиради дейди, - «Брикет Шоманай» масъулияти чекланган жамияти бошлиғи Азамат Аблезов. - Корхонада йилига 20 минг, кунига 100 тонна маҳсулот ишлаб чиқарилади. Брикет саноатидаги асосий хом ашё – кўмирнинг ВР1, ВР2 қумлари Ангрендан олиб келинади. 

Корхона томонидан «Fartim gold» МЧЖ билан ускуналар етказиб бериш бўйича 500 млн сўмлик, «Uk heavy machinery» МЧЖ билан  погрузчик тракторлар олиш буйича 550 млн сўмлик ва қурилиш ишларини амалга оширишда ООО «Техэнергияматериал комплект» пудратчи корхонаси билан 1 млрд 500 млн сўмлик шартномалар имзоланган.

Банк томонидан ускуналар учун 300 млн.сўм, қурилиш ишларига 630 млн сўм, техника олиш учун 520 млн сўм, жами ҳозирда банк томонидан 1480 млн.сўм кредит маблағи ажратилган.

Ҳозирда асосий ишлаб чиқариш корпусининг фундаметини қуйиш ва ғишт териш ишлари якунланган.  

Маълумотларга кўра, Қорақалпоғистонда брикетга бўлган талаб йилига 41 минг тоннани ташкил қилади, «Брикет Шоманай» масъулияти чекланган жамияти қошида ташкил қилинган цех шунинг 20 минг тоннасини етказиб беради.

Қорақалпоғистондаги халқ таълими муассасаларига йилига 4 минг 137 тонна брикет сарфланади. Жорий йил маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бунинг учун 1,5 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратилган.

Корхонада 12 кишининг доимий бандлиги таъминланди.

Эслатиб ўтамиз, Шўманой туманида брикет ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг 2017 йил 15-16 декабрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида белгиланган эди.

Е.Қаноатов

Бўлимлар