«Қорақалпоғистон» темир йўл станциясида 6100 долларни яширинча олиб чиқмоқчи бўлган шахс тўхтатиб қолинди

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари томонидан нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний олиб ўтилишига доир ҳолат фош қилинди. Бу ҳақда  ЎзА Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Ахборот хизматига таяниб "Дарё" ёзмоқда.

Хусусан, «Қорақалпоғистон» темир йўл станциясида «Нукус-Бейнеў» йўналишида ҳаракатланаётган йўловчи поездида республикадан чиқиб кетаётган фуқаро М.О.га тегишли сумка божхона назоратидан ўтказилганида, юклар орасида божхона ходимининг оғзаки сўровида ва йўловчи божхона декларациясида маълум қилинмаган 6100 АҚШ доллари яширилганлиги аниқланди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жисмоний шахсларга 5000 АҚШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдорда нақд хорижий валютани йўловчи божхона декларациясида кўрсатган ҳолда эркин олиб чиқиб кетишларига рухсат этилади.

Чет эл фуқаролари эса Ўзбекистон Республикасига кириш чоғида олиб кирган миқдордаги нақд хорижий валютани эркин олиб чиқиб кетишлари мумкин.

Белгиланган суммадан ортиқча нақд хорижий валютани олиб чиқиб кетиш учун Марказий банкнинг ҳудудий бошқармалари томонидан бериладиган рухсатномалар талаб этилади.

Бўлимлар