Қорақалпоғистонлик таниқли журналист Қозоғистонга саёҳат қилди. Илк таассуротлар: чегара, тенге, Олмати, тирбандлик...

Илк таассуротлар: чегара, тенге, Олмати, тирбандлик...

Кўпдан кутган саёҳатимни биринчи Олмати шаҳридан бошламоқчи бўлиб, Тошкент шаҳри Олмазор метроси ёнидаги «Тошкент» автобус бекатига келдим. Туристик класс салонига эга замонавий автобусларнинг қатнови орага 17 йил солиб қайта тикланган экан. Автобуслар кунига 3 марта юради. Соат 18.00даги рейсга чипта олиб жойлашдим. Нархи ҳам жўнгина – Олматигача 100 минг сўм ёки 4 минг тенге. Поездга қараганда анча арзон ва вақтлироқ етиб борар эканмиз, деб ушбу транcпорт турини танлаганимга қаноатландим.

Қозоғистонга илк сафарим бўлса ҳам ҳайдовчига «Чегарада кўп ушланмаймизми, Олматига қанча вақтда етказиб қуясиз?» деб савол  билан мурожаат қилдим. Ахири, авваллари чегара постидан ўтиш жуда қийин бўлганлигини кўп эшитганман.

 Ушбу йўналишдаги транспортлар давлат чегара постидан яшил йўлак орқали ўтишини маълум қилган у «агар чегарада транспорт навбати кўп бўлмаса, ярим соатда ўтиб кетамиз. Олматига эрталаб 8.00да етиб борамиз» дейишди.

Ҳақиқатдан ҳам чегарадан ортиқча оворагарчиликсиз ярим соатлар ичида ўтиб кетдик.

Чегарадан ўтишдан сўмларимизни тенгега aлмаштирдик. Дастлабки вақтлари тенгега ўрганиша олмадим. Бир пайт сим карта сотувчилари келди. Қозоғистонда сим карталарни паспортсиз олиш мумкин экан. 450 тенгега билайн сим картасини олдим. Бир ҳафта давомида ушбу мобиль операторидаги абонентларга бепул қўнғироқ қила олар эканман ва интернет учун 2 Гб беради. Бизга қараганда Интернет тезлиги анча яхши ва арзондек туюлди.

Йўлда автобус тўхтаган жойда гўжа ичмоқчи бўлдим. 1 косаси 150 танга. Ҳисоблаб кетдим: 1 танганинг курси 23 сўм. Демак, 1 коса гўжа 3450 сўм! Бизда (Нукусда) эса нари кетса 1000 сўм. Бир стакан чой ҳам 150 танга. Йўлда 7-8 соат юргандан кейин ҳаммамизни Тараз шаҳрига яқин жойда овқатланишга туширди. Бир шўрва, бир бурда нон ва чой олдим. 1200 танга, яъни 27600 сўм. Бизда 15 минг сўмга бемалол қорин тўйдирса бўлади-ку. Демак, Қозоғистонда овқатланиш томони бизга қараганда анча қимматроқ экан, деб ўйлаб қўйдим.

Қозоғистонлик телефон номерига эга бўлишдан ўртоқларимга қўнғироқ қила бошладим. Сафар маршрутимни тушунтирдим. Ўртоқларимнинг кўпчилиги Қозоғистонда шаҳар ичида ва шаҳарлар ўртасида ИНДРАЙВЕР билан юришни маслаҳат қилди.

Индрайвер дегани бу халқаро йўловчи ташиш хизмати бўлиб, бунда хизмат марказлаштирилмаган. Барча шартлар ҳайдовчи ва йўловчи ўртасида белгиланади. Дастур орқали йўл-йўлакай кетаётган транспорт эгалари ҳам йўловчилар ҳам борадиган жойини ва нархини таклиф қилиб эълон жойлаштириб қўйиши мумкин. Ушбу такси хизмат тури Ўзбекистонга энди кириб келмоқда, аниқроғи ҳозирча фақат Тошкент шаҳридагина мавжуд.

12 соат йўл юриб, эрталаб соат 8 ларда Олматига кириб келдик. Учконир автобекатидан Барахолка бозорига боришим учун бир соат вақт кетди. Тирбандлик.  Ушбу тирбандликларда машинанинг деразасини очиб юриш имконсиз. Сабаби, аччиқ тутун ҳиди нафас олишни қийинлаштиради.

Менга ҳамроҳлик қилаётган Шаттиқ исмли йигитнинг таъкидлашича, Олмати шаҳрида 900 мингга яқин автомашина мавжуд, яна ҳар куни шунча автомашиналар шаҳарга ташқаридан кириб чиқади. Мана шунинг ҳисобига тирбандлик ҳосил бўлади.

Олматида ўтган асрнинг 90 йилларига тегишли арзон «ташландиқ» автомашиналар кўп-ки, шулар катта шаҳарни ҳаддан зиёт ифлослантирмоқда. Олматини тепадан қарасангиз, заҳарли газлардан ташкил топган тутунли туман (смог) қоплаган бўлади.

Қозоғистонда бу муаммони ечиш учун эски автомашиналарни утилизация қилиш дастури қабул қилинган ва эски жамоат транспортларини фойдаланишдан чиқариб, янгиларини ишга туширмоқда. Шунингдек, Олмати ва Астана шаҳарларида велостанциялар хизмати ишга туширилган бўлиб, унда велосипедларни ижорага олиш мумкин.

Шаҳар ҳокимлиги яқин 15 йилликлар ичида шаҳар халқи сони (агломерацияни ҳисобга олмаганда) 3 млнга етиши мумкинлигини эътиборга олиб, ҳозирдан бошлаб, ҳаётий қўлайлик яратиш мақсадида жамоатчилик транспортларни ривожлантиришга киришган. Шаҳарда ҳозир мавжуд 1500та жамоат транспортлари сонини 6000га етказмоқчи ҳамда электр транспортлари билан велосипедларга ва энг асосийси пиёдаларга арналган инфраструктурани ривожлантиришни, шунингдек, 2035 йилгача шаҳардаги транспортлар сонини ҳозирги ҳолатида сақлаб қолишни мақсад қилмоқда.

Олматидаги йўллардаги тирбандликни камайтириш мақсадида «Олтин Ўрда» бозори ёнида 8 ва 10 полосали автотрасса қурилмоқда.

Қозоғистон шаҳарларида ҳар жойда «Рухани жаңғыру (Маънавий юксалиш)», «Қазақстанның 100 жаңа есiмi (Қозоғистоннинг 100 янги исми)» каби йирик лозунгларга кўзим тушиб турди.

Маълум бўлишича, ушбу лозунглар Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбаевнинг «Келажак учун йўналиш: маънавий юксалиш» номли мақоласига боғлиқ экан.

Давлат раҳбарининг «Болажаққа бағдар: рухани жаңғыру» (Келажак учун йўналиш: маънавий юксалиш») номли мақоласи Қозоғистоннинг 2050 йилгача ривожланиш йўли – давлат дастури сифатида қабул қилинган.

«Қазақстанның 100 жаңа есiмi» Мустақиллик даврида Қозоғистоннинг ривожланишига ҳисса қўшган 100та давлат ва жамоат арбобларидир. Ушбу 100 та исмни халқнинг ўзи танлаган. Шундай қилиб айни пайтда Қозоғистон маънавий юксалишга катта эътибор қаратмоқда.

 

Қозоғистон маънавий юксалишни мақсад қилган

Қозоғистон Президентининг халққа йўллаган «Келажак учун йўналиш: маънавий юксалиш» номли Мурожаатида ушбу давлатнинг учинчи янгиланиш даври бошлангани қайд қилинган. Унга кўра, давлат дастури ижроси доирасида Қозоғистонни дунёнинг энг илғор 30та давлати қаторига киритишдир. Бунгача ушбу давлатда янги мустақил давлатни барпо қилиш орқали Биринчи янгиланиш амалга оширилган. 1997 йилда эса «Қозоғистон–2030» Стратегияси қабул қилинди ва янги пойтахт-шаҳар Астана барпо қилинди, шунингдек, Қозоғистон дунёнинг ривожланган 50 та давлати қаторига кирди. Бу Иккинчи янгиланиш натижалари.

Учинчи янгиланиш даври 2050 йилгача мўлжалланган бўлиб, унга кўра сиёсий ислоҳот, иқтисодий ўсишнинг янги моделини қуриш ва маънавий янгиланиш каби учта янгиланиш жараёни амалга ошириладиган бўлади. Шуларнинг ичида энг асосий йўналиш эса – маънавий янгиланишдир.

«Янги шаклдаги янгиланишнинг энг муҳим шарти – бу миллий кодни сақлай билиш. Агар янгиланиш халқнинг миллий-маънавий томиридан озиқланмаса, у адаша бошлайди» дейди Президент Н.Назарбаев мазкур мақоласида.

Мақоланинг «Яқин йиллардаги вазифалар» бўлимида 2025 йилгача Қозоғистонда тўлиқ лотин алифбосига кўчиш, уч тилда таълимни жорий қилиш, «Янги гуманитар билим. Қозоқ тилидаги 100 янги дарслик» лойиҳасини қўлга олиш, «Туғилган ер» дастурлари ва ҳ. ишга тушириш белгиланган.

Қозоғистонда жорий йилда лотин алифбоси қабул қилинди. Энди янги алифбога ўрганиб кетилгунча кирилл алифбосидан фойдаланилиб турилади ва 2025 йилдан бошлаб тўлақонли лотин алифбоси қўлланилади.

«Янги гуманитар билим. Қозоқ тилидаги 100 янги дарслик» лойиҳасига кўра, гуманитар таълимнинг барча йўналишлари бўйича жаҳондаги энг яхши 100 та дарсликни бошқа тиллардан қозоқ тилига таржима қилиб, ёшларга дунёдаги сараланган намуналар асосида билим олишга шароит яратилади. Мазкур тадбир жорий ўқув йилидан амалга оширила бошлайди.

«Туғилган ер» дастурида ватанпарварликка тарбиялаш масаласи кўтарилади. «Ватанпарварлик киндик қонинг тўкилган жойга, ўсган қишлоққа, шаҳринг билан ўлкангга, яъни туғилган ерингга бўлган севгидан бошланади. Туғилган жойга, унинг маданияти билан урф-одатига алоҳида меҳир билан  ёндашмоқ – ҳақиқий ватанпарварликнинг муҳим жиҳатларидан биридир», - дейди Президент Н.Назарбаев

Бунда таълим соҳасида кенг кўламли ўлкашунослик тадбирларини юритиш, экологияни яхшилаш ва аҳоли пунктларини обод қилиш, маҳаллий тарихий ёдгорликлар билан обидаларни ўз ҳолига келтириш мақсад қилинган.

 

(Давоми бор)

 

Е.Қаноатов, ЎзА

Бўлимлар