Савицкий музейи ҳақидаги фильм премьераси Россия телеканалида намойиш этилади

Нукусдаги Савицкий музейи ҳақидаги фильм премьераси Россия телеканалида намойиш этилади. “Нукус. Номаълум коллекция” деб номланган ҳужжатли фильм “Россия-Культура” канали ва Ўзбекистон туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамкорлигида суратга олинган.

Нукусдаги И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейи экспонатлари ҳақида ҳикоя қиладиган ушбу фильм 23 сентябрь куни Москва вақти билан соат 12:30 да Россиянинг “Культура” канали орқали кенг жамоатчиликка илк бор намойиш қилинади.

Фильмда музей фондида сақланаётган ва кўпчилик томошабинлар кўрмаган экспонатлар ҳақида гап боради. Ўрол Тансиқбоев, Виктор Уфимцев, Александр Волков, Роберт Фальк, Любовь Попова, Климент Редько каби авангард рассомларнинг ижод намуналари шулар жумласидандир.

Фильм муаллифлари Нукус музейи билан боғлиқ энг муҳим жиҳатларга эътибор қаратишга ҳаракат қилганлар. Мавжуд бебаҳо асар ва экспонатлар қай тарзда йиғилгани, санъат даргоҳининг фаолият даври, шаклланиш босқичлари ҳақида ҳикоя қилади.

Фильмда музейнинг собиқ директори Мариника Бабаназарова, унинг ҳозирги раҳбари Гульбахор Изентаева, санъатшунослар Жон Боулт, Андрей Сарабьянов, Светлана Горшенина, рассомлардан Ирина Коровай, Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нур каби таниқли шахслар интервью берган.

Маълумот учун, Москва шаҳрида ўтказилган кўргазмада Савицкий музейининг 100 000 дан зиёд экспонатларидан 200 таси намойиш этилган. Шундан кейин “Россия-Культура” канали Нукусдаги бу музей ҳақида ҳужжатли фильм олишга қарор қилган.

Эльвира Могилёва сценарийси, Олег Солдатенко режиссёрлигида ишланган фильмнинг тасвирга олинишида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фирдавс Абдухаликов бошчилик қилди. 40 минутлик “Нукус. Номаълум коллекция” ҳужжатли фильми Ўзбекистоннинг “Севимли” хусусий телеканали орқали тақдим этилди.

Бўлимлар