Turon24: Мўйноқда ўтган мусиқа фестивалидан аҳоли норози

Яқинда очилган Турон24 ахборот агентлигининг Turon24.uz сайтида "Мўйноқда ўтган мусиқа фестивалидан аҳоли норози" мавзусида танқидий мақола эълон қилинди.

Уни ҳеч қандай ўзгаришларсиз эътиборингизга ҳавола қиламиз:

 

" 14 сентябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида ўндан ортиқ давлатдан ташриф буюрган дижейлар иштирокида ўтказилган “Стихия” номли электрон мусиқа фестивалидан аҳолининг кўп қисми норози бўлди.

Turon24 ушбу фестивалда қатнашган маҳаллий аҳоли таассуротлари билан қизиқди. Баъзи фуқаролар ушбу лойиҳа тўғрисида ижобий фикр билдирди. Лекин аҳолининг кўп қисми фестивалга танқидий муносабатда экани аниқланди.

“Орол муаммосини ҳал қилишга халқаро ташкилотлар жон куйдираётгани – қувонарли ҳол. Лекин айни дақиқалардаги муҳит кўнглимни хира қиляпти, – деди Дилноза Қобулова. – Янграётган оҳанглардан ҳеч қандай маъно топа олмаяпман, бу – "мусиқа" дейишга тил бормайдиган аллақандай шовқинли, зарбли товушлар жаранги. Одамлар орасида қароқчилар белгиси туширилган қора тусдаги қўрқинчли байроқ ҳилпираб турибди. Тўғри, Оролни асрашимиз керак, лекин эзгу қадриятларни оёқости қилиш эвазига эмас! Ахир ахлоқимизни ҳам асрашимиз керак. Бундай тадбирлар миллий анъаналаримизга салбий таъсир кўрсатмаслигини хоҳлайман”.

“Тадбирни ўтказишдан мақсад, халқаро жамоатчилик эътиборини Орол фожиасига қаратиш, мазкур глобал экоҳалокат моҳиятини янада чуқур англашга ундашдан иборат”, дейди ташкилотчилардан бири, актёр Жавоҳир Зокиров.

Эслатиб ўтамиз, Фестиваль “Centil Law Film”, “TrendSetter”, “Peopletravel” ташкилотлари ташаббуси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, БМТнинг Тараққиёт Дастури кўмаги билан ташкил этилган эди. Фестивалда Марказий Осиё давлатлари билан бир қаторда АҚШ, Исроил, Туркия, Франция, Германия, Россия ва Хитой давлатларидан кўплаб сайёҳлар, мусиқа ихлосмандлари иштирок этган. "

Бу мавзу юзасидан KRuz.uz ўз позициясини яқин орада билдиради.

 

Бўлимлар