Франциядаги “Cinedoc films” кинокомпанияси директори янги ҳужжатли фильмини Қорақалпоғистонда суратга олмоқчи

Франциядаги “Cinedoc films” кинокомпанияси директори, кинопродюсер Кристиан Лелонг айни пайтда Қорақалпоғистонда бўлиб турибди. У бу ерда суратга олишни режалаштираётган янги ҳужжатли фильми ҳақида Turon24га қуйидагиларни маълум қилди:

“Амударё бўйларида яшовчи инсонлар тақдири ва ҳаёт тарзи фильмнинг сюжетини ташкил қилади, – дейди Кристиан Лелонг. – Маҳаллий аҳолининг дарёдаги машғулотлари, шунингдек, деҳқончилик ва чорвачилик жараёнларини ҳам тасвирга оламиз. Фильмни вақтинча “Дарё одамлари” деб номладик. Ушбу мавзуни танлаганимнинг сабаби инсон тақдири ҳамиша дарёлар билан боғлиқ бўлган. Марказий Осиёдаги дарёлар тарихи билан бирга, дарё бўйидаги одамлар яшаш тарзи, кундалик машғулотлари нафақат мен учун, балки бошқа минтақаларда яшовчи томошабинлар учун ҳам жуда қизиқарли бўлади”.

Франциялик киномутахассиснинг айтишича, ҳужжатли фильм кўп вақт талаб қилади. Мазкур ҳужжатли фильмни суратга олишда “Ўзбектелефильм” ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси яқиндан ёрдам бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, Кристиан Лелонг юзга яқин мамлакатда суратга олинган фильмларга продюсерлик қилган.

Бўлимлар