Қозоғистон бўйлаб саёҳат: Олмати – орзулар шаҳри (2-бўлим)

Олмати – сўзсиз Марказий Осиёдаги энг гўзал шаҳарлардан биридир. Қозоғистоннинг жанубий пайтахти бўлмиш ҳаёт қайнаётган ушбу шаҳар буюк Тянь-Шань тоғ тизмасининг ям-яшил гўзал табияти бағридан ўрин олган. Ер жаннати Жетисув дея қадимдан халқ оғзида қолган ибора айнан шу масканга берилган таърифдир.

Бу ерда қуёш тоғдан кўтарилиб, тоғлар ортига яширинади. Кундузи булут каби тепада турадиган қорли тоғлар ажойиб панорама ҳосил қилади. 

Орзулар шаҳри дея талқин қилинадиган Олмати – Қозоғистондаги энг кўп сайёҳлар ташриф қилувчи шаҳар сифатида ном чиқармоқда. Олматида бир кун ичида 5та иқлимнинг об-ҳавосини кузатишингиз мумкин. Олматининг айнан шу хусусияти кўпчилик сайёҳларнинг эътиборини тортади. Бу ерда сиз саёҳатни иссиқ саҳродан бошлаб мангу музликларгача давом эттиришингиз мумкин.

Муҳташам табият қўйнида жойлашган Олмати Ўрта Осиёнинг иқлим шароити энг қўлай жойларининг бирида жойлашган. Ҳаёт учун ижтимоий-иқтисодий қўлай бўлганлиги боис шаҳарга кейинги йилларда кўчиб келувчилар сони анча ошган ва мигрантлар сони ҳам йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Баъзи маълумотларга кўра, Олматидаги мигрантларнинг ҳиссаси шаҳар аҳолисининг 25 фоизини ташкил қилади. Бу дунёдаги энг кўп мигрант қабул қилувчи АҚШни ҳам ортда қолдиргани дегани. 2017 йилга БМТ маълумоти бўйича мигрантлар сони АҚШ аҳолисининг 13,5 фоизини ташкил қилган.

Мегаполис шаҳарда аҳоли сони ошиб бораётган бўлса ҳам лекин бунга таъқиқ йўқ. Кейинги йилларда қозоғистонликларга бошпанали бўлишга янада имкониятлар яратилмоқда. Масалан, «Нурли жер» ва «Олмати ёшлари» каби йирик дастурлар амалга оширилмоқда. 7-20-25 дастурининг жорий этилиши билан бу борадаги ишлар янада ошди.

Казинформ ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Қозиғистон Миллий банки тасдиқлаган 7-20-25 дастури бўйича ипотека қарзлари йиллик 7 фоиз билан 25 йилга берилади. Дастлабки бадал тўлами эса 20 фоиз. Янги ипотека займларини Қозоғистоннинг барча фуқаролари олиши мумкин. Унинг учун мижознинг бошпанаси бўлмаслиги керак. Дастур бўйича Қозоғистоннинг барча ҳудудларидан Олмати, Астана, Атиров шаҳарларидан энг максимал 25 млн тенгега, қолган ҳудудларда 15 млн тенгега бошпана сотиб олишга бўлади.

Ушбу 7-20-25 дастури бўйича энг кўп қарз берган шаҳарларнинг бошида эса Олмати турибди.

Олматида менинг кўпроқ эътиборимни тортгани «Олматига 1000 йил» баннерлари бўлди.

Википедияга кўра, Олмати шаҳри ўрнида ўрта асрларда ҳам шаҳар бўлган. Унинг номи – Олматув.

Олматувдан қолган ёдгорликлар ўтган асрнинг 40-50 йилларигача сақланган. Уларни илк бор 1938 йилда ўлкашунос Б.Н.Дублицкий тадқиқ қилган. Қазма ишлари юргизилган ушбу тепаликда кейинчалик замонавий уйлар қад кўтарган. Тарихий маскандан топилган идиш қолдиқлари X-XIV асрларга тегишли бўлиб, улар орасида “Олматув” ёзуви битилган Чиғатой давлатчилиги пайтида ишланган тангалар ҳам топилган. Айнан шу ва бошқа манбалар Олмати шаҳрининг 1000 йиллик шаҳар эканлигини исботламоқда.

Рус империяси даврида Верний деб номланган шаҳар, ўтган асрда Собиқ Иттифоқнинг сиёсий таъсири остида Олма Ота (Алма Ата) деб ном олган бўлса, 1994 йилдан расман Олмати (Алматы) деб атала бошлади. 

Кўпчилик расмий идоралар, элчихоналар, бизнес марказлари ва бошқалар Астана шаҳрига кўчирилган бўлса ҳам Қозоғистоннинг энг йирик мегаполиси бўлган Олмати шаҳри илм-фан, таълим, маданий, тарихий, иқтисодий, молиявий, банк ва мамлакатнинг индустриал маркази сифатида таниқли.

Ҳозирда шаҳарда 18 театр, 45 музей ва тасвирий санъат галереялари мавжуд. Шаҳар четида Медеу ва Чимбулақ тоғ чанғи маркази каби йирик спорт мажмуалари, альпинист туристик лагерлар, санаториялар, дам олиш марказлари ва кемпинглар солинган. Коктобеге кўтарилсангиз шаҳар кафтдегидек намоён бўлади.

Олматидаги Медеу, Чимбулоқ ва Коктобеге ташриф буюрган киши бу ерларга қайта саёҳат қилишни орзу қилиши табиий. Кечаю кундуз ҳаёт қайнайдиган шаҳар атмосфераси инсонни бахт чўққилари сари етаклагандек бўлади. Шунинг учун Олматини орзулар шаҳри деб аташса бежиз эмас.

 

Медеу – дунёдаги энг баланд муз майдони

Олмати шаҳрининг визит карточкасига айланган Медеу муз майдони Иле Олатови бағрида денгиз сатҳидан 1691,2 м баландликда жойлашган йирик спорт мажмуасидир. У дунёдаги энг баландда қурилган муз майдони саналади. Мажмуа қурилиши 1949 йилда бошланган, дастлабки расмий ўйинлар 1951 йилда ўтказилган. Стадионга сунъий муз 1972 йилда тўшалган.

Медеу – қишки спорт ўйинларига арналган муз майдонидир. Тоғ бағридаги қўлай иқлим, кун радиациясининг қўлай даражаси, паст ҳаво қисими ва тоза тоғ суви музнинг юқори сифатли бўлишини таъминлайди.

Медеуда янгидан қурилган музлатгич ускуналари музларни ноябрь ойидан апрелгача ушлаб тура олади. Бу муз майдонига бир вақтнинг ўзида 2-3 минг одам сиғади.

Дам олиш кунлари конькида учиш учун нафақат шаҳар аҳолиси, балки шаҳар меҳмонлари ҳам ташриф буюради.

Медеуда ҳар хил нуфузли халқаро мусобақа ва танловлар ўтказилиб келинади. Ҳатто Қозоғистон шу ва Чимбулоқ тоғ-чанғи спорт мажмуалари базасида Қишқи олимпиада ўйинларини ўтказишга даъвогар бўлган.

2011 йилги Осиё ўйинлари арафасида «Медеу» муз майдонидан «Чимбулоқ» тоғ-чанғи базасигача узунлиги 4,5 км осма йўл (канат) солинди. «Медеу-Чимбулоқ» осма йўли – узунлиги жиҳатдан дунёда учинчи ўринда. Осма йўл ҳар куни соат 10.00 дан 17.00 гача ишлайди.

Агар Медеудан Чимбулоққача ажойиб табиатни қуш парвози баландлигидан кўргингиз келса, осма йўлда учганингиз афзал. Шунингдек, икки оралиқга қатнайдиган экотаксилар фаолияти ҳам йўлга қўйилган.

Медеудан Чимбулоққа кўтарилаётганингизда тўғонга кўзингиз тушади.

Ушбу тўғон Олмати шаҳрини сув тошқинидан сақлаш учун қурилган. Олмати ўз тарихида икки марта (1887 ва 1910 йилларда) йирик геологик, уч марта катта сел оқими офатчилигини (1921, 1956 ва 1973 йилларда) бошдан ўтказган. Бунга тоғдан ёпирилиб келадиган сув тошқини сабаб бўлган. Шу сабабли Медеу тўғони қурилган.

 

Чимбулоқда чинакам ҳаёт

Чимбулоқгача сиз ўз автомашинангизда кўтарилишингиз мумкин, лекин бунга автотранспортингиз экологик талабларга жавоб бериши зарур. Шунинг учун, яъни табиатни тоза сақлаш мақсадида бу ерда экологик таксилар хизмати ҳам йўлга қўйилган.

"Чимбулоқ" тоғ-чанғи курортлик мажмуаси – Иле Олатови чатқолида 2510 метр баландликда жойлашган. Бу ер қиши-ёзи сайл этувчилар, туристлар ва экстремал спортчилар билан гавжум. Тоза ҳаво чинакам ҳаёт шу ердалигини сездиради.

Шу ердаги ўтирғичли кўтарма ускуналар орқали 3163 метр баландликдаги Талғар довонигача кўтарилишингиз мумкин. Ундан нариёғи фақат юлдузлардир.

Чимбулоқда қор декабрь ойидан то апрелгача ётади. 2510 метр баландликдаги ушбу мажмуага шу пайтлари туристлар билан тоғ-чанғи спорти ихлосмандлари оқилиб келади.

Чимбулоқда ёзда ҳарорат +20С, қишда эса -7С. Қор қалинлиги ўртача 150 см, йилдаги очиқ кунлар 90%.

Собиқ Иттифоқ даврида ушбу маскан тоғ чанғичиларининг Олимпиадага тайёргарлик базасига айлантирилган.

 

Коктобе (Кўктепа) – кўнгил очар маскан

Олматини қуш парвози баландлигидан кўргингиз келса, Коктобега келинг. Коктобе - шаҳарнинг диққатга сазовор энг чиройли масканларидан бири. Денгиз сатҳидан 1100 метр баландликда жойлашган. Коктобега ҳаво трамвайи орқали арқон йўл билан, пиёда ёки махсус микроавтобусда кўтарилиб борса бўлади. Баландликдан шаҳар ва унинг осмонўпар тоғларини томоша қила оласиз. Бу ерда, асосан, тунги маҳалда, шаҳар ҳар хил ёруғ рангларга кирганда томоша қилиш ўта мароқли.

Кўпчилик бу ерга сельфи ясаш учун келади. Моҳир фоторассомлар Олматининг гўзал кўринишини тасвирга олиш эрталабки вақтни танлашади. Романтиклар шаҳарни оқшом пайтида тепадан томоша қилишни хўш кўради.

Ривоятларда Коктебеда қадимда катта қалъа бўлган дейишади. У қалъа баҳайбат кўриниш ҳосил қилиб, халқни сиртқи душманлардан ҳимоя қилиб турган. Ҳозирда бу қалъадан из қолмаган. Лекин, бу ерда қад ростлаган баландлиги 372 метрлик «Коктобе» телеминораси савлат тўкиб баландларга бўй чўзиб тур.

Олматини «ухламайдиган шаҳар» дейишади. Мана шу таърифни кечаси Коктобега ташриф буюрувчилар аниқ ҳис қилишади.

Хуллас, Орзулар шаҳри Олматида бу каби файзли масканлар бисёр. Биз фақат энг асосийларини айтдик.

Келгуси манзилимиз – Астана...

 

Давоми бор...

 

Е.Қаноатов, ЎзА

 

Бўлимлар