Қорақалпоғистонлик Ҳайитбой Ортиқов Японияда таҳсил олмоқда

Одатда кексаларимиз оила қураётган ёшларни дуо қилганларида: “ували-жували бўлинглар, эс-ҳушли, солиҳ фарзандларнинг ота-онаси бўлинглар”, дейишларига унчалик эътибор қилмаймиз. Аслида инсон оила дея аталгувчи муқаддас қўрғонни бунёд этиб, тинч-осойишта турмуш кечирса, дунёга келтирган фарзандларини одобли, илмли, ҳаёли ва меҳрли қилиб вояга етказса, бу – улкан бахт эмасми? Ахир ҳар биримизнинг ҳам орзу-умидларимиз фарзандларимиз камоли билан боғлиқ-да.

Шу маънода қарайдиган бўлсак, Бўзёп овулида яшайдиган 49-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Pаҳматулла Ортиқов ва унинг рафиқаси Гулнора Худойбергановаларни ўз ҳаётидан мамнун ота-оналар дейишга ҳақлимиз.

Улар беш нафар фарзандни эл-юртга муносиб ўғил-қизлар қилиб вояга етказишди. Айниқса, Ҳайитбой эришаётган ютуқлардан уларнинг кўнгиллари фахр-у ифтихорга тўлади.

Ҳайитбой 49-сонли умумтаълим мактабини аъло баҳоларга тугатгач, 2004 йили Ўзбекистон Миллий университетининг биология факультети, тупроқшунослик-кимёгарлик бўлимига ўқишга кирди. Бакалавр босқичини имтиёзли диплом билан тугатиб, давлат гранти асосида магистратура босқичига ўқишга кирди.

У магистратурада ўз соҳаси бўйича чуқур билим олиш билан бир қаторда немис, инглиз тилларини ўрганишга киришди. Мақсади – ўз соҳаси бўйича дунё тажрибаларини ва билимларини чуқур ўрганиш туфайли салоҳиятини ошириш, тупроқшунослик-агрокимёгарлик соҳасида илмий изланишлар олиб бориб, ўз натижалари билан илм-фанимиз ривожига ҳисса қўшиш эди. Шу ниятда магистратурани ҳам муваффақиятли тамомлаб, ўзи ўқиган факультетда илмий фаолиятини бошлади. Орадан 2 йил вақт ўтиб, 2012 йилда Чехия давлати томонидан ажратилган грант асосида ўқиш учун имтиҳон топширди. Унинг бу уриниши муваффақиятли бўлди – Прага Аграр университетида бир йил икки ой муддатда ўз соҳаси бўйича билимларини янада бойитиб қайтди. Бу унинг илмий изланишларини яна ҳам юқори даражада олиб боришига имкон яратди.

Ўқиш-ўрганишдан, илмий тадқиқот ишларидан чарчамайдиган, балки ўзига хос завқ оладиган катта илмий ходим Ҳайитбой жорий йилда Япония ҳукуматининг JDS (Japan Development Scholarship) лойиҳаси доирасида ҳар йили беғараз ёрдам сифатида ажратиладиган грантини ютиб олди. Энди у Токио қишлоқ хўжалиги ва технологияси университетида икки йил таълим олиш бахтига муяссар бўлди.

– Бу биз учун кутилмаган воқеа бўлди, дея олмайман. Чунки ўғлим ўз илмий изланишлари туфайли эришаётган натижаларини дунё илм-фани ютуқлари билан бойитишни, илғор тажрибаларни ўрганиши лозимлигини айтганди. Бундай имкониятни грант туфайли қўлга киритганига жуда қувондим, – дейди отаси Pаҳматулла Ортиқов.

Ҳа, излаган имкон топади, дейишлари бежиз эмас.

Ҳайитбой Ортиқов ўз илмий салоҳияти туфайли қўлга киритган Японияда икки йиллик таҳсил олиш имкониятидан ҳам юртимиз илм-фани ривожи учун унумли фойдаланади, деб умид қиламиз.

Аслида Ҳайитбойнинг нияти шундай. У ўз мақсади йўлида шу йилнинг 29 августида Токиога жўнаб кетди ва ҳозир таҳсил олишни бошлаб юборди.

Биз юртимизнинг серғайрат ва илм олишдан чарчамайдиган, изланувчан, юксак орзулар билан Японияга йўл олган умидли ўғлонига улкан муваффақиятлар ёр бўлишини тилаб қоламиз.

Amunews.uz: Ойгул PАЖАБОВА.

Суратда: Ҳ.Ортиқов.

Бўлимлар