Қорақалпоғистонда Умра зиёратига борувчилар сони камайиб кетмоқда

Қорақалпоғистон Республикасида Умра зиёратига борувчиларнинг сони камайиб кетмоқда. Бу ҳақда Turon24 Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши диний масалалар бўйича референти Нурилла Жамоловга асосланиб ёзмоқда.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ишини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши 2018 йилнинг январ ойи ҳолатига кўра, Қорақалпоғистонда Ҳаж ва Умра зиёратига бориш учун 2035 йилгача навбатга ёзилганлар борлигини маълум қилган эди. Бироқ орада Ҳаж ва Умра зиёрати тўловларининг нархи оширилгани сабабли талабгорлар сони кескин камайиб кетган.

Нурилла Жамоловнинг айтишича, Ҳаж ва Умра зиёрати учун қорақалпоғистонликларга 150 та квота ажратилган. Бироқ ҳозирги вазиятда 2019 йилнинг баҳорида бўладиган Умра зиёратига 150 та талабгор топилиши ҳам сўроқ остида қолмоқда. Маълумот ўрнида, жорий 2018 йилда Қорақалпоғистон Республикасидан жами 300 та зиёратчилар Умра ва Ҳаж зиёратига бориб келгани ҳақида хабар берган эдик.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг март ойидан Ҳаж ва Умра зиёратига бориш нархлари 38 млн сўм қилиб белгиланган эди.

Бўлимлар