Қорақалпоғистон Республикасида биринчи марта пахтани кластер усулида етиштириш йўлга қўйилди

Қорақалпоғистон Республикасида биринчи марта Элликқалъа туманидаги “Bo‘ston Klaster” масъулияти чекланган жамияти томонидан пахтани кластер усулида етиштириш йўлга қўйилди. Бу ҳақда  жамият директори Отабек Бобожонов маълум қилди. Бу ҳақда Турон24 ёзмоқда

Ҳозирда жамият тумандаги пахта етиштирувчи 382 та фермер хўжалиги билан 11 минг 40 гектар ер майдонларида 24 минг 264 тонна пахта етиштириш бўйича шартнома имзолади. Корхона кластер усулида йилига 10 минг тонна пахта толасини қайта ишлаш қувватига эга. Хомашёдан 5 минг тонна калава ип, 10 млн м2 жинси матоси ҳамда 3,5 минг тонна юмшоқ сочиқ ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.

Фермер хўжаликларига техникалар ёрдамида хизмат кўрсатиш мақсадида корхонага жорий йилда 10 та трактор, жами 15 та култиватор, пахта экиш сеялкалари ва бошқа ускуналар олиб келинди. МЧЖ томонидан Беларусь давлатининг “Минск трактор заводи” билан қиймати 8 млрд 726 млн сўм бўлган 44 та “Беларусь” русумли ва Россия Федерациясининг “Петербург трактор заводи” билан қиймати 1,1 млрд сўм бўлган 2 та К-730 русумли қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиб олиш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар имзоланди.

Шунингдек, Туркиянинг “Agros” фирмаси билан 10 та пневматик культиватор ва 20 та сеялка ҳамда Германиянинг “Lemken” фирмасидан ғалла экиш сеялкалари ва плуглар сотиб олиш режалаштирилган. Олиб келинадиган қишлоқ хўжалиги техникаларига учта ҳудудда – “Сарибий”, “Навоий” ҳамда Бўстон шаҳрида сиқилган газ тўлдириш компрессор станцияларини ташкил қилиш кўзда тутилган.

“Bo‘ston Klaster” МЧЖ директори О.Бобожонов берган маълумотга кўра, жорий йил якунига қадар корхонада 800 дан ортиқ йигит-қиз иш билан таъминланади.

Бўлимлар