«Танка» қорақалпоқ киносининг ягона фильми бўлиб қолдими?

«Ўзбекфильм» киностудиясининг техник ёрдами билан бундан 16 йил аввал суратга олинган Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, киносценарист Муратбай Низанов муаллифлигидаги «Танка» комедияси қорақалпоқ киносанъатида алоҳида ўрин эгаллади. Бу ҳақда ЎзА'га асосланиб "Daryo" хабар бермоқда

 

Бадиий фильм ўзбек тилига дубляж қилинганидан сўнг фақат қорақалпоқ халқи эмас, балки бутун Ўзбекистон киноихлосмандларини такрор-такрор томоша қилишга чорлайдиган байрамона экран асарига айланди. «Танка» М.Низанов қаламига мансуб ягона фильм эмас. «Курорт», «Ўғри», «Қўшнилар» каби фильмлари ҳам томошабинларнинг севиб томоша қиладиган фильмлар қаторидан жой олди.

Лекин М.Низановнинг ушбу машҳур фильмларидан, хусусан, «Танка» асаридан сўнг қорақалпоқ киноиндустриясида томошабинлар кўнгилидан жой оладиган яхши асарлар кўринмай қолганлиги ҳақиқат. Қорақалпоқ бадиий киносанъати нима учун инқирозга юз тутди?

Муратбай Низанов:

—«Қарақалпақфильм» киностудияси 1970 йили ташкил қилинган бўлиб, қарийб ўттиз йил ҳужжатли фильмлар студияси шаклида фаолият кўрсатиб келган. Икки мингинчи йилларга келиб у бадиий ва мультипликацион фильмлар, болалар ҳаётига мулжалланган юмористик журналлар яратадиган кўп қиррали студияга айланди.

Айниқса, 2002 йили «Ўзбекфильм» киностудияси билан ҳамкорликда «Танка» фильми яратилгандан сўнг студия машҳурликка қараб илк қадам қуйди. Мана, ўн олти йилдирки, фильм ҳамон телеэкранларда намойиш қилиб келинмоқда. Шу ўринда савол туғилади: нима учун қорақалпоқ киночилари битта яхши фильм яратти-ю, кейин жимиб қолди? «Танка» танҳо фильм бўлиб қоладими?

Йўқ, албатта! «Танка»нинг избосарлари бор эди. Фақат у фильмлар ўзбек тилига дубляж қилинмади ва телеканаллардан намойиш этилмади.

Агар шу кунларда (бироз кечикиб бўлса-да) «Курорт» фильми ўзбекчага дубляж қилиниб, теледастурларда кўрсатилганида эди, «Э, ’Танкаънинг изидан яна бир ажойиб фильм пайдо бўлибди-ку» деган дув-дув гап пайдо бўларди.

Мен 2003—2013 йилларда қорақалпоқ киносига раҳбарлик қилдим. Ўша ўн йил ичида 8 та бадиий фильм, 10 та болалар учун юмористик журнал, тўртта анимацион фильмлар яратилди. Ҳужжатли фильмларнинг саноғини билмайман.

Негадир кейинга пайтда студия суст ишлаяпти. 2013 йилдан буён қорақалпоқ тилида биронта фильм яратилмади. «Ўзбеккино» миллий агентлиги томонидан студияга нисбатан ишонч ҳам йўқолиб боряпти. Қанақадир бадиий фильм бермоқчи бўлса, Тошкентдан режиссёр тайинлаб қўяяпти! Тўғри, ўзбек киноси кўп йиллик тарихга эга. Тажрибали, талантли режиссерлар ҳам кўпдир. Аммо, ҳеч ким қорақалпоқ халқининг менталитети, анъаналари, яшаш тарзини ўзимиздек етук билмайди-да!

ХVII-XVIII асрларда яшаб ўтган қорақалпоқ халқининг буюк аждодлари Маман бий, Айдос бий, улуғ мутафаккир шоирлар Ажинияз, Бердақ ҳақида зўр фильмлар яратса бўлади. Айниқса, қорақалпоқ халқ эпоси « Қирқ қиз» тўғрисида битта фильм яратилса, унинг бош қаҳрамони, саркарда Гулайим образи жаҳонга машҳур «Клеопатра»дан кам бўлмасди.

Бўлимлар