Хитой элшиси Беруний туманида пахта терди

Аввал хабар қилинганидек, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзянь Янь хонимнинг республикамизга ташрифи давом этмоқда. Элчи 4 октябрь куни Беруний туманида бўлди.

      Меҳмон дастлаб тумандаги Хитой Халқ Республикасининг «Шаньси эко цемент» компаниясининг тўғридан-тўғри инвестицияси билан қурилиши бошланиш арафасида турган «Шоббоз обод цемент» МЧЖга тегишли цемент заводи қуриладиган ер майдонини кўздан кечирди. Ушбу ҳудудда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиб, ҳамкорлик асосида бунёд этилиши режалаштирилаётган цемент заводи лойиҳасини юқори баҳолади.

      Бундан сўнг меҳмонлар «Абай» ОФЙ ҳудудидаги «Шахрихан Надирбек» фермер хўжалигида бўлиб, жорий йилнинг апрель ойида хитойлик мутахассислар иштирокида шўрланган ерларда тажриба сифатида экилган пахта даласини кўздан кечирди. Чигитнинг униб чиқиши ва ҳосилдорлиги билан қизиқди. Аҳамиятли томони, Цзянь Янь хоним ушбу пахта даласида катта қизиқиш билан пахта терди. У пахта теримида шахсан қатнашганлигидан ва бунинг билан ўзининг пахта териш орзусининг ушалганлигидан хурсанд эканлигини айтиб, бунинг учун фермер хўжалиги билан «Абай» ОФЙ раҳбарларига ўз миннатдорчилигини билдирди.

 

      Пахта теримидан сўнг меҳмонлар тумандаги «Қуралпа» қовун бозорини бориб кўриб, ушбу ердаги нархлар билан танишди ва қовунларнинг таъмига юқори баҳо берди.

      Куннинг иккинчи ярмида меҳмонлар «Кашфиётчи ёшлар» хусусий корхонасига тегишли гидропоника усулида помидор етиштирувчи иссиқхонага ташриф буюриб, ушбу ердаги ишлар билан ҳам яқиндан танишди ва корхона раҳбарига ўзининг илиқ фикрларини билдирди.

      Элчининг пахта теримида иштирок этиши барча ёшларимизни, бутун халқимизни пахтанинг бир хонасини ҳам нес-нобуд қилмай йиғиб-териб олишга руҳлантиради, деган умиддамиз.

 

Бўлимлар