Қорақалпоғистонда спорт вазири аҳоли билан бирга бадантарбия машқларини бажарди

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 20 сентябрь куни жисмоний тарбия ва спорт масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда “Таълим муассасалари ҳафталиги”, “Хотин-қизлар ҳафталиги”, “Маҳалла ҳафталиги”, “Нуронийлар ҳафталиги”, “Ёшлар ҳафталиги” каби шиорлар остида оммавий тадбирлар ўтказиш вазифаси берилган эди.

Шундай ҳафталиклардан биринчиси бўлган “Ёшлар спорт ҳафталиги” Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан Қорақалпоғистоннинг барча туманларида намуна тарзида ташкил этилди. Ҳафталик давомида спортнинг шахмат-шашка, бадиий гимнастика, мини-футбол, волейбол, стол тенниси, бадминтон турлари бўйича ўйинлар ташкил этилиб, уларда 200 минг нафарга яқин ёшлар иштирок этмоқда. Бу ҳақда KUN.UZ’га Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати хабарига асосланиб ёзмоқда.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати

Ҳафталик доирасида ўтказилаётган тадбирларда Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев ҳам иштирок этиб, ҳафталикларда иштирок этувчилар қамровини кенгайтириш учун самарали механизмлар қўлланилиши лозимлиги, мазкур ҳудудда тўпланган тажриба асосида республиканинг барча ҳудудларида ҳафталикларни ташкил этилишини таъкидлади.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати

Аҳолининг барча қатламлари ўртасида спортни оммалаштириш учун тарғибот ишлари муҳим ўрин тутади. Шу сабабли маҳаллий телеканаллар билан ҳамкорликда жисмоний тарбия ва спорт масалаларига бағишлаб алоҳида кўрсатув тайёрланиб, унда вазир Д.Набиев маҳаллий аҳолини қизиқтирган саволлар жавоб берди. Шунингдек, вазирлик томонидан қорақалпоқ тилида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган 10 та ижтимоий ролик тайёрланиб, маҳаллий телеканаллар орқали эфирга узатилмоқда.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати

Дилмурод Набиев республикада аҳоли учун мавжуд спорт иншоотларидан исталган пайти фойдаланиш имкониятининг яратилиш ҳолатини ҳам ўрганди. Жумладан, Нукус шаҳридаги спорт иншоотларида барча ёшдаги инсонлар учун ташкил этилган бадантарбия машқларини кузатди ва ўзи ҳам улар билан биргаликда бажарди. Вазир маҳаллалардаги спорт билан ошно бўлган ёши улуғ инсонлар билан ҳам суҳбатлашиб, уларнинг аҳолини, айниқса, ёшларни спортга қизиқтириш бўйича фикрлари билан қизиқди.

Ташриф давомида вазир Д.Набиев Қорақалпоғистоннинг энг олис ҳудуди бўлган Қўнғиротдаги “Қорақалпоғистон” шаҳарчаси (Каракалпакия)га бориб мавжуд спорт иншоотларининг ҳолати билан танишди.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати

Якунда маҳаллий ҳокимликлар мутасаддилари, ҳудудий бошқарма ва  спорт таълими муассасалари раҳбарлар билан жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш бўйича ишларни жадаллаштириш, оммавий тадбирлар кўламини кенгайтириш ва энг чекка ҳудудларда ҳам иншоотлар қуриш ҳам мавжудларини таъмирлаш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Бўлимлар