Қорақалпоғистонда муштлашувда иштирок этган аскар суд залидан озод қилинди

Олий суд ва Ёшлар иттифоқи ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандумига асосан Қашқадарё вилоят кенгаши раиси Жиноят кодексининг 285-моддаси 1-қисми билан айбланган Ҳумоюн Шерматовнинг жиноят иши бўйича жамоат ҳимоячиси сифатида иштирок этди. Бу ҳақда «Дарё»га кенгаш жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилди.

Жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар суди томонидан ўтказилган очиқ суд мажлисида Қашқадарё вилояти, Чироқчи туманида туғилган Ҳ.Шерматовнинг жиноят иши кўриб чиқилди.

Аниқланган маълумотларга кўра, оддий аскар Ҳ.Шерматов ҳарбий хизмат давомида хизматдоши билан гап талашиб қолиб, бу ҳолат икки томоннинг ҳам қизиққонлиги сабаб муштлашувгача етиб боради ҳамда у шеригига жиддий жароҳат етказади.

Суд жараёнида жамоат ҳимоячиси, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Шомурод Сатторов томонидан судланувчи Ҳ.Шерматовга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаш, ҳарбий хизматни давом эттиришига имкон бериш, келгусида ушбу фуқарони кафилликка олиш таклифи билдирилди ва бу ҳақда кафолат хати тақдим қилинди.

Фото: Ёшлар иттифоқи

Суд унинг қилмишини ўзи тўла англамаган ҳолда содир этгани, муқаддам судланмагани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини инобатга олиб, унга нисбатан қўлланилган 5 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазони бекор қилди.

Судланувчи Ёшлар иттифоқи ҳамда Қорақалпоғистон ИИВ қоровул қўшинларига қарашли ҳарбий қисм қўмондонлиги кафиллиги остида суд залидан озод этилди.

Бўлимлар