Орол денгизининг қуришини қишлоқ қарилари олдиндан қандай билган?

Ўтган асрнинг 80-йилларигача Мўйноқ туманининг Учсой қишлоғида ҳаёт қайнаган, денгиз портида кемалар навбатга туриб туни билан тонналаб балиқ топширган, минглаб одамлар меҳнатдан бўшамай умрини денгизга бахшида қилган, деса бугунги авлод ишонмайди, - дейди умрининг қарийб қирқ йили давомида Оролда балиқчилик билан шуғулланган учсойлик отахон Адилжан Бигелдиев.

«1975 йиллар эди. Учсой қишлоғидаги портда у пайтлари юзлаб-минглаб одамлар меҳнат қиларди, - деб эслайди А.Бигелдиев. - Биз асосан судак, бакра, лаққа балиқларини овлардик. Бир кунда битта судна 50 тоннагача балиқ топширарди. Учсой портининг ўзида 20га яқин судналар хизмат қиларди.

У пайт чарчоқ нима эканлигини билмасдик. Тун ичида тонна-тонна балиқларни топшириб, яна денгизга отланардик. Мўйноқнинг йигитлари бақувват келарди, ҳарбий хизмат сафига чақирилган йигитларнинг деярли ҳаммаси денгиз флотига хизматга жалб қилинарди. Сабаби денгиз флотига энг кучлилар танлаб олинар эди.

Мен 120-140 кг салмоқ босадиган бакрабалиқларни бир ўзим тутганман. Денгизда бакрабалиқ шундай кўп эди-ки, биз у пайтлари унинг қадрига етмаганмиз. Ҳозир дунё ресторанларидаги энг қиммат десерт саналадиган бакрабалиқдан олинадиган увилдириқларни биз шу пайт аҳлатга ташлардик. Овқатни бакрабалиқнинг ўзининг ёғидан тайёрлардик.

Бакрабалиқни овлаш учун денгизнинг ўртаси томон узоқ-узоқларга кетардик. Баъзи пайтлари қоронғи тунда адашардик. Бир куни қалин туманда денгиз ўртасида компасимиз ишламай қолиб, кўп вақт адашиб юрдик. Тўсатдан ёнимизда ҳарбийлар минган кема пайдо бўлди. Бизларнинг адашиб қолган балиқчилар эканлигимизга ишонч ҳосил қилган улар, компасимизга спирт қуйиб бериб (компас спирт билан ишлар экан), бизга қайси томонга қараб йўл юришимиз кераклигини уқтурар экан, бу жойларга қайтиб қадам босмасликни зинҳор-зинҳор такрорлади. Кейин билсак, биз адашиб юриб, Собиқ Иттифоқ даврида энг махфий саналган ҳудуд Орол денгизи ўртасидаги Возрождение оролига яқинлашиб қолган эканмиз.

Бакрабалиқлар кўп бўларди ва унга буюртма ҳам шунга яраша эди.

Шу йили соҳилга минглаб бакрабалиқлар уриб кетди. Қишлоқдагилар ҳамма ҳайрон. Бунақа ҳолат аввал ҳеч кузатилмаган. Шу пайт қишлоқдаги эски балиқчи қарилар «Воҳ, денгиздан айрилдик. Бакрабалиқларнинг соҳилга чиқиб кетиши яхшилик аломати эмас» деб оғир хўрсинди. 

Мўйноқда у пайтлари кўп сонли урал казаклари истиқомат қиларди. Бакрабалиқларнинг соҳилга чиқиб кетиш ҳодисасидан кейин улар ҳам ёппасига кўчиб кета бошлади. Улар ҳам денгизнинг келажаги йўқ эканлигини шу пайт билди.

 

Кўп ўтмай денгиз сувининг тортилаётганини ўз кўзимиз билан кўра бошладик. Тузлилик даражаси ошиб, бакрабалиқлар бутунлай қирилиб кетди. Ўтган асрнинг 80-йилларда Оролдаги балиқларнинг кўпчилиги қолмаган эди. Кейинчалик тузли сувга чидамли деб камбала балиғи кўпайтирилди. Биз 1992-йилгача балиқчилик билан шуғулландик. Энг охирги овлаган балиғимиз шу камбала бўлди».

Халқ тилида «балиқлар подшоҳи» деб аталадиган бакрабалиқ Қора, Азов, Каспий ва Орол денгизи ҳавзаларида тарқалган. Балхаш кўли ҳавзасида иқлимлаштирилган.

Википедия маълумотларига кўра, Бакрабалиқ ҳаётининг бир қисмини денгизда (шўр сувда) ўтказса, урчиш даврида дарёга (чучук сувга) ўтади. Урғочиси 12–14 ёшида, эркаги 8 – 9 ёшида вояга етади. Серпуштлиги ёшига боғлиқ. Бўйи 120 – 150 см, оғирлиги 13 – 20 кг бўлганда 210 – 340 минг увилдириқ (тухум) қўяди. Орол денгизининг биологик ҳолати балиқлар учун яхши бўлганда увилдириқ ташлаш учун Оролдан Амударё ва Сирдарё қуйилишида тўпланиб, сўнгра дарёнинг юқори оқимидаги увилдириқ ташлайдиган жойларга кетади. Тухумдан чиққан балиқчаларнинг бир қисми дарё сув оқими бўйлаб денгизга (шўр сувга) қайтади, қолганлари эса дарёда қолади. Бакрабалиқ 1936 йилгача Орол денгизи ҳавзаларида кўплаб овланар еди. Сирдарё ва Амударёдаги ирригация қурилишлари ва Орол денгизи экологик ҳолатининг ўзгариши натижасида улар жуда камайиб кетди. Ҳозир Амударёнинг қуйилиш жойидаги сув ҳавзаларида ва Зарафшон дарёсининг қуйи қисмидаги йирик каналларда оз миқдорда сақланиб қолган. Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.

Учсой қишлоғи Мўйноқ туманига 18 км масофада жойлашган. Бир вақтлари гуриллаб турган порт ва балиқ заводлари ўрни ҳозир теп-текис. Денгиз қуригандан кейин кўпчилик балиқчилар яқин шаҳарларга кўчиб кетган.

Ҳозирда бу ерда қуриган денгиз ултонидан газ қазиб олинмоқда. «Учсой» ОФЙ «Обод қишлоқ» дастурига киритилиб, замонавий қиёфага кирмоқда.

Қишлоқ аҳолисининг аксарияти ҳамон ота карини давом этиб, яқин жойлардаги кўлларда балиқчилик билан шуғулланмоқда.

Мўйноқ туманидаги консерва заводи ўрнида эса кичик саноат зонаси ташкил қилиниб, қатор корхоналар қад ростламоқда.

Мўйноқда 1890  йилдан бошлаб, 100 йилдан ортиқ вақт давомида балиқни қайта ишлаш бўйича кенг кўламли ишлаб чиқариш ривожланган.

1917 йили октябрь ойида Орол жанубидаги балиқ саноати давлат фойдасига мусодара қилиниб, 1925 йилда Орол балиқ трести тузилган. Унинг таркибига Мўйноқ ва Урга балиқ заводлари кирган. Уларнинг негизида Мўйноқ балиқ консерва комбинати барпо этилган. Ускуналари янгиланганидан кейин (1933-1941 йй.) унинг қуввати йилига 10 млн банкага етган. Урушдан кейинги даврда Мўйноқ балиқ консерва комбинати янги техника билан жиҳозланган, консерваларни ишлаб чиқариш эса йилига 21,5-22 млн банкагача етказилган.

Орол денгизида бир пайтлари 200 га яқин денгиз кемалари хизмат кўрсатиб уларда 2200дан ортиқ балиқчилар ишлаган.

Консерва комбинатининг 24та маҳсулот турларига (консерваланган бакрабалиқ, сўзанбалиқ, оққайроқ, лаққа ва ҳоказо) Давлат сифат белгиси берилган эди.

Корхона 1998 йили фаолияти тугатилганга қадар сиртдан олиб келинган хомашёлар асосида ишлаб келган.

Ҳозирда булардан фақат шийрин хотиралар қолган, холос.

 

 

Е.Қаноатов,

М.Ҳабибуллаев (сурат)

Бўлимлар