Аввал Мўйноқнинг порти бўлган "Учсай" обод қишлоққа айланмоқда

Бундан қарийб 30 йил муқаддам таниқли қорақалпоқ шоири Ибройим Юсупов қаламга олган Мўйноқ туманидаги Учсай қишлоғида бугун жўшқин ҳаёт қайтадан барқ ура бошлади. Бу ҳақда ЎзА'га асосланиб "Дарё" хабар бермоқда

Фото: ЎзА

Орол фожиасидан жиддий жабр кўрган ушбу чекка қишлоқ Президентнинг алоҳида эътибори туфайли замонавий ҳудудга айланмоқда.

– «Обод қишлоқ» дастурига Мўйноқдан иккита қишлоқ киритилди, – дейди Мўйноқ тумани ҳокими Сайлаубай Данияров. – Улардан бири Учсай қишлоғи. Ҳозир бу ерда катта қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб бориляпти. Замонавий мактабгача таълим муассасаси, қишлоқ врачлик пункти қад ростлади. Йўллар таъмирланди ва энг асосий муаммолардан бўлган ичимлик суви билан таъминланди. Кўчаларга ёритгичлар ўрнатилди.

Электр тармоқлари таъмирланиб, янги трансформаторлар ўрнатилмоқда. Дастур бўйича режага киритилган 2 газ тақсимлаш пункти ва 3,1 километр газ тармоғи ҳам таъмирланди.

 

Ҳудуддаги 6-умумтаълим мактаби ва 4-умумтаълим мактаби филиали таъмирдан чиқарилди. Келгусида оталар чойхонаси, маҳалла гузари, дўкон, кичик бозор ва ҳаммом қуриш режалаштирилган.

— Учсай портида бир пайтлар минглаб одамлар ишларди, — дейди «Учсай« овул фуқаролар йиғинида яшовчи меҳнат фахрийси Адилжон Бигелдиев. — Ўтган асрнинг 80 йилларига келиб денгиз чекина бошлади. Одамлар ишсиз қолди. Шундан кейин қишлоқдан барака ариди. Мана бугун қайтадан янги ҳаёт бошланаётганига гувоҳ бўляпмиз. Мўйноқдаги эски балиқ консерва заводи ўрнида йирик корхоналар қурилмоқда. Ҳар бир хонадонда тоза сув оқиб турибди.

Фото: ЎзА

Ҳудудда 235 хонадон бўлиб, уларнинг 17 тасида кадастр ҳужжати мавжуд бўлмаган, 7 хонадонда ноқонуний қурилишлар аниқланган. Бу каби масалалар бартараф этилди. Қишлоқдаги кўп қаватли турар жой ҳамда марказий кўча бўйидаги уйларнинг фасад қисми қайта таъмирланди.

Бўлимлар