Қорақалпоғистон Республикасида археологик ишлар Россия ва Қозоғистон академиялари билан ҳамкорликда олиб борилади

Қорақалпоғистон ҳудудида археологик ишлар Россия фанлар академияси Николай Миклухо-Маклай номидаги этнология ва антропология институти, Қозоғистон миллий фанлар академияси Алкей Хоқонули Марғулан номидаги археология институти ходимлари билан ҳамкорликда олиб борилади. Бу ҳақда 2 октябрь куни Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида россиялик ва қозоғистонлик олимлар билан ўтказилган учрашувда маълум қилинди.

Учрашувда институт ректори Байрамбай Утемуратов ҳамда Россия фанлар академияси вакили Егор Китов ўртасида 2018 – 2023-йилларда илмий тадқиқотларни ҳамкорликда олиб бориш тўғрисида шартнома имзоланди. Шартномага кўра Ўзбекистон ҳудудида таълим жараёнига татбиқ этиладиган инновацион лойиҳалар, илмий-амалий конференция, семинар ва симпозиумлар биргаликда ташкил этилади.

Ҳамкорлик асосида Ўзбекистондаги таълим дастурлари, ўқув режаларига мувофиқ келадиган ихтисослашган тарих фанларини ўқитишга илғор мутахассислар жалб этилади. Келишув доирасида Нукус педагогика институтида археология ва антропология бўйича ўқув-услубий адабиётларни яратиш, дарслик, қўлланма, монография, илмий-тадқиқот ишланмалари, илмий тўпламларни нашр этиш кўзда тутилган.

Бўлимлар