Нукусдаги “Mega Nukus” савдо мажмуасининг қурилиши нима учун кечикмоқда?

Нукус шаҳрида жойлашган “Mega Nukus” савдо мажмуасининг барпо этилиши Хитойдан қурилиш хомашёлари ўз вақтида етиб келмаётгани сабабли кечикмоқда. Бу ҳақда Turon24га савдо мажмуаси директори Элмира Шарипова маълум қилди.

Мазкур гипермаркет ўтган ойда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган эди. Нукус шаҳри ҳокими Парахат Тўрешов жорий йилнинг 28 июнь куни “Ҳоким ва ёшлар” учрашувида: “Сентябрь ойида гипермаркет ва супермаркетлар фойдаланишга топширилади”, деган эди. Бироқ муҳлат якунланганига қарамай, ҳудудда қурилиш ишлари ҳамон давом этмоқда.

“Ҳозир иншоотда якуний безак ишлари олиб борилмоқда, – деди директор Элмира Шарипова. – Мажмуани жорий йилнинг декабрь ойида тўлиқ фойдаланишга топшириш кўзда тутилган”.

Беш қаватли объектнинг биринчи қаватида “Корзинка” савдо дўкони, иккинчи, учинчи ва тўртинчи қаватларида маиший буюм, кийим-кечак дўконлари, бешинчи қаватида умумий овқатланиш ўринлари ташкил этилади.

Маълумот учун: “Mega Nukus” савдо мажмуасини барпо этиш 2017 йилнинг март ойида бошланган. Қурилишга 55 млрд сўм маблағ ажратилган бўлиб, шундан 40 млрд сўми давлат кредити ҳисобидан қопланган.

Бўлимлар