Амударёда 1 млрд сўмлик янги лойиҳа ишга туширилди. Лойиҳанинг 70 фоиз маблағини тадбиркорнинг ўзи ажратди

Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида бўш турган бинода “Толе” хусусий фирмаси 1млрд сўмлик янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Ушбу лойиҳа учун давлат томонидан 300 млн сўм кредит, фирма ҳисобидан 700 млн сўм маблағ ажратилган, дея ёзмоқда Turon24 агентлиги.

Яқинда корхонанинг фаолият тури яна биттага кўпайди. 230 млн сўмдан зиёд маблағга Хитойда ишлаб чиқарилган эркаклар ва аёллар пайпоғини тўқийдиган беш дона тўқиш, бир дона тикиш дастгоҳи ва бошқа зарур жиҳозлар ўрнатилди. Эндиликда беш нафар ишчи ойига йигирма минг жуфт эркаклар ва аёллар пайпоғини ишлаб чиқариб, ички бозорга етказиб беради. Кейинчалик бу кўрсаткич ойига ўттиз минг жуфтга етиши режалаштирилмоқда.

Корхона раҳбари Пўлат Хўжабоев берган маълумотларга кўра, ҳозирги кунда ишлаб чиқариш йўлга қўйилган цехларда ҳар ойда 60 га яқин дераза, 20 дан зиёд эшиклар, 4000 дона шлакоблок, беш тонна шпатлёвка ва икки тонна эмульсия бўёқлари тайёрланмоқда.

Тадбиркор тармоқларини янада кенгайтириб, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сақланадиган юз тонналик совутгич, қоп ишлаб чиқаришга мўлжалланган яна бир цех ташкил қилишни режалаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Манғит шаҳридаги фаолияти тугатилган ва қаровсиз қолган бинолар “нол” қийматда инвестиция киритиш ва янги иш ўринлари яратиш шарти билан тумандаги тадбиркорларга берилмоқда. “Толе” хусусий фирмаси ҳам мана шу бинолардан бири қайта таъмирланиб, ишлаб чиқариш цехлари фаолияти йўлга қўйди.

Бўлимлар