Қорақалпоғистонда яна бир газ-кимё мажмуасини қурилади

Ўзбекистон Татаристоннинг ТАИФ гуруҳига Қорақалпоғистонда янги газ-кимё мажмуаси қурилишида иштирок этиш таклифини берди. Бу ҳақда «Реальное время» хабар бермоқда, дея ёзмоқда Kun.uz.

25 сентябрь куни Ўзбекистон ишбилармонлари ва сиёсатчиларидан иборат делегация ТАИФ компаниялар гуруҳининг бош офисига ташриф буюрди. Делегацияга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси ўринбосари Муса Ерниязов раҳбарлик қилди.

Муса Ерниязов янги завод қурилиши лойиҳаси ҳақида сўзлаб, ТАИФга унда иштирок этиш таклифини берди. «Биз янги заводнинг дастлабки қувватларини баҳоладик: йилига 2 миллиард кубометр газни қайта ишлайдиган корхонани қуриш фойдали. Энди биз иқтисодий ҳисоб-китобларни қилмоқдамиз. Сизларнинг олдингизга нефтгаз-кимё соҳасида тажриба алмашиш учун келдик. Катта тажрибангизни ишлатиш биз учун шарафдир. Биз газ-кимё заводини қуриш доирасида ҳамкорлик қилишга тайёрмиз», - дея қўшимча қилиб ўтди Муса Ерниязов.

«Ўзбекнефтгаз» компаниясидан Kun.uz’га тасдиқлашларича, Устюрт платосида янги газ конлари топилган. Бу йил компания «Қуйи Сургил» кони қудуқларида саноат газ оқими ва конденсатини олди. Бу ерда мамлакатда биринчи марта қуйи юра чўкиндиларида жойлашган табиий газ ўзлаштирилади. Илгари газ асосан юра даврининг юқори ва ўрта қатламларида топилган.

Ўзбекистон делегациясининг таклифи ТАИФ раҳбариятини қизиқтирган. «ТАИФ» ОАЖ бош директорининг ўринбосари Руслан Шигабутдинов газ-кимё заводини қуриш лойиҳасида иштирок этиш бўйича конструктив таклифларни кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди. 

Бўлимлар