Талабалар театр студиялари кўрик-танлови ҚДУ нинг “Жайхун" театр жамоаси мутлақ ғолибликни қўлга киритиб, 50 млн сўм пул мукофотига эга бўлишди

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Олий ва ўрта махсус таʼлим вазирлиги ҳамкорлигида “Муқимий" номидаги Ўзбекистон мусиқали драма театрида ўтказилаётган Талабалар театр студиялари кўрик-танловининг финал босқичи ғолиблари аниқланди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси - Қаҳрамон Қуранбоев, Ўзбекистон Халқ артисти - Мирза Азизов, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аʼзоси - Умида Абдуазимовалар сўзга чиқиб, жамоаларни самимий табриклашди.

3 кун давом этган ёшлар театр жамоаларининг саҳна чиқишлари намойишида ёш томошабинларнинг театр санʼатига бўлган қизиқиши янада ортди. Бир-биридан қойилмақом саҳналаштирилган спектакллар ҳаттоки ҳакамлар ҳайʼатини ҳам баҳолаш жараёнида анчагина ўйлантириб қўйди. Ҳакамлар ҳайʼати раиси - Элёр Носиров, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист - Жумадулла Раметов, Олий ва Ўрта махсус таʼлим вазирлиги масʼул ходимим - Бахтиёр Эгамбердиев, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аьзоси - Умида Абдуазимова ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши бош мутахассиси - Мансур Бойсариевларнинг жараёнга холисона ёндашуви фестивалнинг 2018-йилги ғолиб жамоаларини аниқлаб берди.

Энг яхши спектакл номинацияси бўйича Қорақалпоқ давлат университетининг “Жайхун" театр жамоаси мутлақ ғолиблик шоҳсупасига чиқди. Долзарб мавзунинг саҳнавий талқини учун Қарши давлат университетининг “Зиё” театр жамоаси 2-ўринга муяссар бўлди. Миллий анʼана ва қадриятларни тараннум этгани учун Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиалининг “Настарин" талабалар театр студиялари жамоалари энг сара учликдаги якуний ўринни эгаллади.Шунингдек, “Енг яхши эркак роли учун" 1.Ўзбекистон Миллий университетининг “Ҳумо" жамоаси вакили Муслим Муртазоқулов, “Енг яхши аёл роли учун" Бухоро давлат университетининг “Фитрат" жамоаси аʼзоси Нодира Сайфиддиновалар эʼтироф этилди. “Енг яхши талабалар театр студияси раҳбари" сифатида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг “Дипломат" театр студияси раҳбари рағбатлантирилди.

—Бу даргоҳ театр тамалтошини қўйган не-не буюк устозларни кўрган. Шунинг учун ҳам саҳна муқаддас саналади. Театр ихлосмандлари ғаразли туйғуларга бўй эгмайди, ёвуз мақсадлар учун хизмат қилмайди, қалб кўзига қора парда тортмайди. Адабиёт ва санʼацеварлар фақат эзгуликка, хайрли ишларга хайрихоҳ бўладилар. Бугун ушбу даргоҳга яхшиликка эргашган инсонлар йиғилган. Улар театр қадриятини юксалтириш мезонида шаффоф ҳис-туйғуларга кўзгу тутмоқдалар, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раиси Қаҳрамон Қуранбоев. —Биз бундай маърифатпарвар маъният тарғиботчиларининг меҳнатларини юксак қадрлаймиз. Мазкур фестивал ғолибини муносиб рағбатлантириш  мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан 50 млн сўм  пул мукофоти ажратилади.  Шу билан бирга талабалар театр студиялари кўрик-танлови ғолибларининг спектаклларини Халқаро театр фестивалларига йўналтирамиз.

Ўзбекистон Халқ артисти Мирза Азизов 3 кун давомида намойиш этилган спектаклларни телевидение орқали ҳам эфирга узатиш таклифини киритди. Ёшлар етакчиси Қаҳрамон Қуранбоев бу таклифни маʼқуллаган ҳолда “Ёшлар" телерадиоканали орқали талабалар театр студияларининг ижод намуналари акс эттирилган телекўрсатув жорий этилишини таʼкидлади.

Республика босқичи иштирокчилари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг қимматбаҳо совғалари ҳамда диплом ва сертификатлари билан тақдирланишди.

Шахноза Нуруллаева

 

Бўлимлар