Берунийда Nexia ва Cobalt тўқнашуви оқибатида беш киши ҳалок бўлди

Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида 22 октябрь тонгида бир неча кишининг ўлими билан тугаган йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар бермоқда.

Хабар беришларича, 22 октябрь куни соат 8:05 атрофида «Бухоро—Нукус—Беруний» йўлининг Беруний туманидан ўтган 680-километрида Nexia ва Cobalt русумли автомобиллар иштирокида ЙТҲ юз берган.

Nexia автомобили ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўлнинг қарама-қарши йўналишига чиқиб кетиши оқибатида, қарши томондан келаётган Cobalt’га урилган.

«ЙТҲ натижасида беш нафар фуқаро вафот этган ва яна беш нафар фуқаро тан жароҳати олган», — дейилади ФВВ ахборотида. Жароҳат олганлар Беруний туман касалхонасига ётқизилган; уларнинг жорий аҳволи ҳақида қўшимча маълумот берилмаган.

Қайд этишларича, содир бўлган ЙТҲ юзасидан дастлабки терговолди текширув ишлари олиб борилмоқда.

Бўлимлар