Нукусда 1500 нафардан ортиқ футбол мураббийлари қайта имтиҳон топширмоқда. Ўта олмаганлар лицензиядан маҳрум қилинади

Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ҳар бир вилоятдаги футбол мураббийларининг касбий маҳоратини синовдан ўтказиш мақсадида 400га яқин мураббийлар икки ойлик синов муддатидан сўнг режа асосида қайта имтиҳон топширмоқда. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.

Қайд қилинишича, ҳудудда жами 1500 нафардан ортиқ мураббийлар имтиҳон топширган ва шулардан 400га яқини биринчи тестдан ўта олмаганди.

Мураббийлар билимларини қайтадан синовдан ўтказиш навбати Нукусга етиб келди. Синов имтиҳонлари Ўзбекистон футбол Ассоциацияси Мураббийликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Шавкат Имомов раҳбарлигидаги вилоят комиссияси аъзолари иштирокида ўтказилмоқда.

Имтиҳон давомида мураббийларнинг машғулотлар олиб боришга қандай тайёргарлик кўрганликлари, конспект ёзиш, майдонни машғулотга тайёрлаш, машғулот давомида болаларга кўрсатмалар бериб бориш усуллари, мураббийнинг машғулот давомида ўзини тутиши, футболчиларнинг машғулотдаги хатоларини аниқлаш, кўрсатиб бориш ва ўша хатоларни тўғрилаш борасида амалга оширадиган хатти-ҳаракатлари текширилмоқда. Шунингдек, мураббийларнинг машғулот пайтида болаларни назорат қилиб бориш учун позиция танлашдаги билим ва кўникмалари ҳамда машғулот давомидаги фаоллиги кўздан кечирилади.

Берилган имкониятдан фойдалана олмай, имтиҳонда салбий натижа кўрсатган мураббийлар лицензиясидан маҳрум қилинади.

Бўлимлар