Нукусда ЎзМТДП V Съездига делегатлар сайланди

ЎзМТДП Қорақалпоғистон Республикаси ташкилотининг V Конференцияси бўлиб ўтди. Унда 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг иштироки борасида ЎзМТДП Қорақалпоғистон Республикаси ташкилотида олиб борилаётган тайёргарлик ишлари кўриб чиқилди. Мазкур масала юзасидан ЎзМТДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси Тожибой Романов сўзга чиқди.

Конференцияда таъкидланганидек, партиямиз ўтган йиллар давомида муайян сиёсий тажрибага, жамиятда ўз ўрнига эга бўлди. Энг асосийси, барқарор электорати шаклланди. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси сиёсий партиялар фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди.

Ушбу дастурий ҳужжатда давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш, кўппартиявийлик тизимини янада мустаҳкамлашга доир белгилаб берилган чора-тадбирлар муҳим аҳамиятга эгадир. Бу эса Президент сайловида иштирок этишга қарор қилган сиёсий партиялардан сайлов кампаниясида нафақат ўз фаоллигини кучайтириш, балки бу борадаги фаолиятини, номзодларнинг ўз сайловолди дастурини янада юксак даражага кўтаришни талаб этмоқда.

Шунингдек, тадбирда мамлакатимиз Президентлигига партиямиз кўрсатган номзодни қўллаб қўллаб-қувватловчи фуқаролар имзоларини тўплаш ишлари қизғин бораётгани, унда қишлоқ фуқаролар йиғинлари, ўқув муассасалари ва бошланғич партия ташкилотлари фаол иштирок этаётгани алоҳида таъкидланди. Конференцияда партиямизнинг бошланғич партия ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳлари ишларини янада кучайтириш юзасидан фикрлашилди, ЎзМТДП V Съездига делегатлар сайланди.

Раъно ҚАЛАНДАРОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

— Мустақиллик йилларида мамлакатимизда сайлов тизимини демократлаштириш ва бу йўналишдаги қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил ва тизимли амалга оширилди. Бунинг самараси ўлароқ, юксак демократик талабларга жавоб берадиган, умумэътироф этилган халқаро меъёр ва тамойилларга мос бўлган, фуқароларнинг хоҳиш-иродасини эркин билдириши кафолатлари таъминланган, ҳар бир инсоннинг давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига эркин сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи мустаҳкамланган самарали норматив-ҳуқуқий база шакллантирилди.

Сайловларнинг фақат Марказий сайлов комиссияси томонидан мустақил ташкил қилиниши, Ўзбекистонда Президент сайловида сиёсий партиялар учун тенг шароитлар яратилганлиги мамлакатимиз сайлов қонунчилиги халқаро меъёр ва талабларга жавоб беришидан, сайловларнинг очиқ-ошкоралигидан ҳамда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи тўла кафолатланганидан далолат беради.

ЎзМТДП Қорақалпоғистон Республикаси
Кенгаши ахборот хизмати

Фикр билдиришингиз учун рўйҳатдан ўтишингиз керак
Бўлимлар