Парламент комиссияси аъзолари пахта далаларида (+фото)

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2017 йил 4 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга доир чораларни кучайтириш тўғрисида”ги СҚ-231-III-сонли қарорига мувофиқ Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссияси тузилган эди.

2018 йилнинг 5 ноябрь куни Парламент комиссияси аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) У.Мухаммадиев раислигида “Тараққиёт стратегияси” маркази директори, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати А.Бурханов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили котибиятининг катта референти А.Яшнарбеков ҳамда Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича ҳудудий комиссияси раиси Д.Қурбаниязов иштирокида жорий йил пахта йиғим-терими мавсумида теримчиларга яратилган шароитларни ўрганиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли тумани “Амударё” ОФЙ ҳудудидаги “Жаркинбий” фермер хўжалиги ва Қонликўл тумани “Навруз” ОФЙ ҳудудидаги “Қонликўл Алланияз” фермер хўжалигининг пахта далаларида бўлди.

У ерда пахта йиғим-теримга қатнашаётган теримчилар билан учрашув ўтказиб, аҳоли орасида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича тарғибот ишларини олиб борди.

Шунингдек, теримчиларга яратилган шароитлар ўрганилганда бугунги кунда 1 кг пахта терим пули учун 1000 сўмдан тўланаётгани, бундан ташқари кунига 30 кг пахта терган ҳар бир теримчи учун 1 л пахта ёғи берилаётгани, теримчилар тушлик пайтида иссиқ овқатлар билан таъминланаётгани маълум бўлди.

Бундай яратилган шароитлардан теримчилар мамнун эканлигини билдириб, оилалари учун қўшимча даромад эканлигини айтиб ўтди.

Бўлимлар