“Сайгачий” қўриқхонасига тақиқ белгилари ўрнатилди

Қорақалпоғистон Республикасининг Устюрт текислигида жойлашган “Сайгачий” мажмуа ландшафт қўриқхонасига қўриқланадиган чегара координатларини кўрсатувчи тақиқ белгилари ўрнатилди. Энди бегоналар ушбу белгилар ўрнатилган ҳудудга кириши қатъиян ман қилинади. 

– Ушбу белгилар сайғоқларни сақлаб қолиш, асраб-авайлаш, уларнинг бош сонини кўпайтириш, шунингдек, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш мақсадида ўрнатилди, – дейди “Сайгачий” мажмуа ландшафт буюртма қўриқхонаси инспектори Байрам Утеулиев. – Мазкур мажмуа буюртма қўриқхонаси умумий давлат аҳамиятидаги қўриқланадиган табиий ҳудуд саналади. 628 минг 300 гектар ер майдонига эга қўриқхонанинг алоҳида қўриқланадиган майдони 219 минг 800 гектарни ташкил қилади. Майдон 5 та ҳудудга бўлинган, улар Белеули, Чуруқ, Алманбет, Дувана ва Жийдели ҳудудларидир. 

Қўриқхона ҳудудида ташкилотнинг иккита базаси қурилган. Бу базаларда ўсимлик ва ҳайвонот оламини муҳофаза қилиш мақсадида рейд ишлари олиб борилади. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 22 июлдаги қарори билан тасдиқланган “Мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналари тўғрисида”ги низомга кўра, мажмуа буюртма қўриқхонаси ҳудудида маҳаллий шароитга мослаштириш учун ўсимлик ва ҳайвонлар турларини ва кенжа турларини жойлаштириш, ўсимликлар ва ландшафт қопламасини ўзгартириш, гидрогеологик режимни ўзгартириш ва ҳар қандай бошқа фаолият юритиш тақиқланади. Шунингдек, мажмуа буюртма қўриқхонасининг ерлари ва бошқа табиий объектларини бошқа юридик ва жисмоний шахсларга эгалик қилиш, фойдаланиш ва ижарага бериш ҳам ман қилинади. 

Бу ҳудудларда фақат илмий-тадқиқот фаолиятини юритиш, биологик хилма-хиллик мониторингини олиб бориш, мажмуа буюртма қўриқхонаси ходимлари ва илмий ходимларнинг яшаши учун бино ва иншоотлар қуриш, қўриқхонанинг табиат музейлари, шу жумладан, очиқ осмон остидаги экспозицияларни жойлаштириш ишларига рухсат берилади. 

Эслатиб ўтамиз, “Сайгачий” қўриқхонаси 2016 йилда Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ ва Қўнғирот туманлари ҳудудида жойлашган “Сайгачий” буюртмахонаси негизида табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклида ташкил этилган. Унинг мақсади алоҳида экологик қимматга эга бўлган табиий объектлар ва мажмуаларни ўз ҳудудида асл табиий ҳолатда сақлашдан иборат. Ташкилотда 13 та ходим фаолият юритмоқда. 

 

Е.Қаноатов, ЎзА

Бўлимлар