Амударёда сектор раҳбари икки нафар ногирон оиласига иссиқхона қуриб берди

Мамлакатимизда аҳолининг барча қатламларининг ҳам турмуши фаровон, обод бўлишига эришиш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар изсиз кетмаяпти. Айниқса, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли билан уйма-уй юриб жонли мулоқот қилиш орқали муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш этиш, меҳнаткаш халқимизнинг турмуши сифатини ошириш мақсадида ташкил этилган секторлар фаолияти туфайли ҳаётимизда кўпгина ижобий ўзгаришлар амалга ошмоқда.

Буни ҳар биримиз кундалик ҳаётимизда ҳис қилаётирмиз.

Туманимизнинг чекка ҳудуди ҳисобланган Назархон овули туман ҳокими Султонбой Йўлдашев раҳбарлигидаги 1-сектор ҳудудига киради.

Шу йилнинг 26 октябрида бир ҳафта давомида туманимизда бўлиб, сектор аъзолари билан овул ва маҳаллалар ҳаётини ўрганган Pеспублика ишчи гуруҳи Назархон овулида ҳам бўлди ва хонадонма-хонадон юриб, оилалар аҳволи билан танишди.

Ўрганишлар ва юзма-юз мулоқотлар давомида овулдаги I гуруҳ ногирони Шарофат Ғанжарова, II гуруҳ ногирони Гулзор Жапақовалар хонадонлари ижтимоий ҳимояга муҳтож эканлиги аниқланиб, оиласида даромад манбалари ошишига имконият яратиш мақсадида томорқа ерига бир кун ичида иссиқхона қуриб берилди.

Шарофат Ғанжарова айни навқирон ёшда бўлса-да, кўриш имкониятлари чеклангани туфайли I гуруҳ ногирони бўлиб қолган. Шунинг учун ҳам бошқалардек елиб-югуриб меҳнат қила олмайди. Бироқ оиласи томорқа ерида бунёд этилган кичик иссиқхона бу зийрак ва чаққон аёлга ҳам меҳнат қилиши ва оиласи турмуш даражаси ошишига имкон бериши билан чексиз қувонч бахш этди.

Ижтимоий аҳволимизни инобатга олиб, иссиқхона қуриб беришганидан жуда мамнунман. Энди ўз қўлимиз билан ўзимиз оиламиз даромадини оширамиз. Иссиқхонада қиш бўйи халқимиз дастурхонига турли кўкатлар ва эртаги экинлар кўчатларини етиштирамиз. Бутун оила аъзомиз билан меҳнат қиламиз. Бизга бундай имкониятни яратиб берган сектор раҳбаримиз Султонбой Йўлдашевга, сектор аъзоларига, Pеспублика ишчи гуруҳига раҳмат, - дейди қувончини яширолмай Шарофат Ғанжарова.

Шу овулда истиқомат қилувчи Гулзор Жапақова ҳам беш йил муқаддам оёқлари меъёрида ҳаракатлана олмай II гуруҳ ногирони бўлиб қолган эди. Сурункали даволанишлар туфайли унинг оиласида ҳам моддий қийинчиликлар бўлиб турарди. Ўша куни унинг оиласи томорқасига ҳам кичик иссиқхона қуриб берилгани оила аъзолари учун қувончли воқеа бўлди. Чунки табиатан меҳнаткаш аёл ўз хонадонида турли гулларни ўстириб билан шуғулланиб келар, гулларга меҳри бўлакча эди. Энди унга оиласида гулчилик билан шуғулланиб, катта даромад олиш имконияти яратилди.

Ногирон аёл сектор раҳбарининг бундай ғамхўрлигига жавобан анвойи гуллар етиштириб, туманимиз хонадонларини гўзаллик ва нафосат рамзи билан таъминлашга аҳд қилди.

Энг муҳими, бунёд этилган икки иссиқхона икки ногирон аёлни ҳам фаол фаолиятга жалб этишга, даромад топиб, оиласи иқтисодини юксалтиришига хизмат қилади.

Amunews.uz: Ойгул PАЖАБОВА.

Бўлимлар