Савицкий музейига ёрдам кўрсатиб келган жамғарма нима учун тарқатиб юборилади?

Нидерландияда жойлашган Нукусдаги музей дўстлари хайрия жамғармаси (Friends of Nucus Museum, FoNM) 2018 йил охирида тарқатиб юборилади. Бу ҳақда журналистларга унинг раиси Дэвид Пирс хабар берди. Бу ҳақда "Kun.uz" ёзмоқда.

Мазкур Нукусдаги И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси санъат музейига моддий ёрдам, китоблар ва ускуналар етказиб, ёрдам қўлини чўзиб келган. Жамғарманинг тарқатиб юборилишига сабаб сифатида Пирс сўнгги уч йилда музейга берилган хайрия совғалари, жумладан, аудиоускуналар ва китобларнинг ғойиб бўлганлигини келтирган.

«Бизга маълум бўлишича, улар ё мусодара этилган ёки ўғирлаб кетилган», – деган Пирс. Нукусдаги Савицкий музейи раҳбарияти (2017 йил февралидан музейга Гулбаҳор Изентаева директорлик қилиб келмоқда) вазиятни изоҳлашдан бош тортди.

Музейга 1966 йилда асос солинган ва кейинчалик археолог, этнограф ҳамда рассом Игорь Савицкий (1915 – 1984) номи берилган. У 1950 йилда Москвадан Хоразм археология-этнография экспедицияси сафида Қорақалпоғистонга келади ва Нукусда қолиб, коллекционерлик билан шуғуллана бошлайди.

Археология ёдгорликларини коллекция қилиш баробарида у 1920–1930-йилларнинг авангард ва поставангард санъатини тўплай бошлайди. Нукусдаги бу давр рангтасвир ва графика асарлари тўплами ўз ҳажми ва аҳамияти жиҳатидан Давлат Рус музейи тўпламидан сўнг жаҳонда иккинчиси ҳисобланади.

Бўлимлар