Қўнғиротда чегара-божхона пости ходимлари учун хизмат уйлари қурилади

Қорақалпоғистон божхона бошқармасининг “Довудота” чегара-божхона пости ҳамда “Қорақалпоғистон” темирйўл чегара-божхона пости ходимлари учун 16 хонадондан иборат иккита икки қаватли хизмат уйи қурилади. Бу ҳақида Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар қилди, дея ёзмода "Turon24".

Янги уйлар Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 ноябрдаги фармойиш асосида барпо этилади.

Хизмат уйлари қурилиши учун Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани ҳокимлиги 5904 квадрат метр ер ажратган.

Айни пайтда Давлат божхона қўмитаси Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши билан ҳамкорликда объект қурилиши бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқмоқда.

“Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги қонунга биноан уй олишга ва уй шароитини яхшилашга муҳтож деб топилган божхона органлари ходимлари уй олиш ҳуқуқига эга.

Энди божхона органлари ходимларига ижарада турганлик учун товон пули тўланади. Шунингдек, божхона органлари ходимларига узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартира олиш ва якка тартибда уй қуриш учун ер участкаси олиш ҳуқуқи берилди.

Бўлимлар