Тахиатош ИЭСга GE газ турбиналари ва генераторлари олиб келинди

General Electric компанияси Тахиатош иссиқлик электр станциясини модернизация қилиш учун ускуналарнинг биринчи навбатини етказиб бериш ишларини якунлади, дея хабар қилди «Газета.uz".

Модернизация доирасида қурилаётган иккита янги блок учун икки дона газ турбинаси ва иккита генератор етказиб берилди. Мазкур лойиҳа GE ҳамда Жанубий Кореянинг Hyundai Engineering ва Hyundai Engineering and Construction компаниялари консорциуми томонидан амалга оширилмоқда.

Ускуналар дастлаб Влиссинген портига (Нидерландия), у ердан Ўрта Ер денгизи, Қора ва Азов денгизлари, сўнгра Волга-Дон канали орқали Каспий денгизига Қозоғистоннинг Курик портига қадар олиб келиниб, у ердан юк автотранспорт машиналарида Ўзбекистондаги қурилиш майдончасига етказилди.

Лойиҳада умумий қуввати 580 МВт бўлган иккита буғ-газ ускунаси (БГУ) қурилиши кўзда тутилган. БГУнинг илк навбатини ишга тушириш 2020 йилга режалаштирилган.

Модернизация доирасида GE ҳар бири GT13E2 газ-турбина қурилмаси, буғ турбинаси ва генераторлардан иборат иккита асосий ускуна комплектини етказиб бериши кутилмоқда. Бундан ташқари, компания энг охирги буюртмачига ускунанинг узоқ муддат ишлашини кафолатлайди, уни монтаж қилишда консультацион хизматларни кўрсатади ва станция ходимлари учун таълимий тренинглар ўтказади.

Ўзбекистон энергетика секторини модернизация қилиш доирасида GE Тошкент ИЭС учун ҳам ускуналар етказиб берган. 2017 йил охирида ИЭСда 370 МВт қувватга эга GE ускуналари асосида янги буғ-газ блоки фойдаланишга топширилган эди.

Бугунги кунда Тахиатош ИЭСнинг белгиланган қуввати 730 МВт ни ташкил этади. Биринчи энергоблок 1956 йилда, охиргиси (бешинчиси) эса 1990 йилда фойдаланишга топширилган.

 

Бўлимлар