Шавкат Мирзиёев Қўнғирот туманидаги оилавий поликлиникани бориб кўрди

Бутун мамлакатимизда бўлгани каби Қорақалпоғистонда ҳам аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизматни яхшилаш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2017-2018 йилларда инвестиция дастури доирасида 36 та объектда 84 миллиард сўмликдан зиёд ишлар бажарилиб, улар 2,8 миллион АҚШ доллари қийматидаги замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.

“Қўнғирот” фуқаролар йиғинидаги 23-оилавий поликлиника жорий йилда реконструкция қилинди. Замонавий диагностика ва даволаш ускуналари ўрнатилди.

Бу поликлиника «Қўнғирот», «Шуманай», «Қангли» овул фуқаролар йиғинларида яшайдиган 12 минг аҳолига хизмат кўрсатади. Олий маълумотли шифокорлар бир кунда 100 кишига хизмат кўрсатади.  

Поликлиника таркибида беш ўринли стационар ва тез тиббий ёрдам шохобчаси ташкил этилган. Аёллар маслаҳатхонаси, ўсмир-қизлар хонаси, ижтимоий дорихона, фитобар очилган.

Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилишини, айниқса, хотин-қизлар ва болалар соғлиги учун барча шароит яратилишини  таъкидлади. Бу ҳақида Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Бўлимлар