“Қорақалпоғистон” темир йўл станцияда қонунбузарлик аниқланди

Сифатсиз дори-дармон ва медицина буюмлари инсон саломатлигига катта хавф солади. Сабаби, ҳар хил шароитларда яшириб олиб келинадиган дорилар шифо ўрнига касалликни янада кучайтириши мумкин.

 Лекин, ушбу оддий ҳақиқатдан кўз юмган айрим кимсаларни фуқароларимизнинг саломатлигидан кўра, сифатсиз дори-дармон маҳсулотларидан орттирган даромад кўпроқ қизиқтириши ачинарли. 
Олиб борилган тезкор тадбир давомида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасининг Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан “Даут-ата” чегара божхона пости орқали кириб келган фуқаро Б.Ф. бошқарувида бўлган “Нексия” русумли автотранспорт воситаси божхона кўригидан ўтказилганда, йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган, дастлабки ҳисоб китобларга кўра қиймати салкам 71 млн. сўмлик аёллар гигиеник воситалари ва ҳар хил хўжалик моллари борлиги аниқланди.

 

Шунингдек, “Қорақалпоғистон” темир йўл станцияда 324-сонли “Волгоград-Тошкент” йўловчи поездида фуқаро Р.Д.га тегишли бўлган, вагоннинг кўмир сақлаш учун мўлжалланган жойида кўмир остига хуфиёна равишда божхона назоратидан яшириб қўйилган полиэтилен қопда қиймати 23 млн. сўмлик стоматология анжомлари борлиги аниқланди, дея хабар бермоқда "Makan.uz"

Ҳозирги вақтда божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

Ҳурматли фуқаро агар Сизга божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар ёки божхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари маълум бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси божхона  бошқармасининг қуйидаги 0-361-224-02-68 «Ишонч телефони» орқали хабардор қилишингизни сураймиз.

 

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси
 Ахборот хизмати

Бўлимлар