Кўмир сифатсиз бўлгани сабабли Нукус тумани айрим мактабларида ўқитувчилар ҳисобидан ўтин сотиб олинмоқда

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманидаги айрим мактабларга етказиб берилган брикетларнинг нам ва майда кукуни кўплиги сабабли ўқитувчилар ўз ҳисобидан ўтин сотиб олмоқда.

Кердер овулида жойлашган 13-мактаб директори Байрамбой Турсунов таъкидлашича, брикетлар ёзда мактабда таъмирлаш ишлари олиб борилаётган вақтда олиб келинган ва уларнинг ҳолатини кўздан кечиришни имкони бўлмаган. Олиб келинган 20 тонна брикет нам ва майда кукуни кўп бўлиб чиққан ва улар яхши ёнмаслиги сабаб ўқитувчилар шанба, якшанба кунлари ўтин чопиб келишмоқда.

Мактаб директорининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Тонготар Ўрозбоевнинг айтишича, брикет тарқатиладиган мактаблар сони кўплиги баҳона қилиниб, ушбу ёқилғи маҳсулотлари кўрсатилмаган ҳолда олиб келиб ташланган. Айни пайтда мактабни тўла иситиш имкони бўлмаётгани сабабли ота-оналар ҳам таълим муассасасига ўтин сотиб олишга ҳомийлик қилмоқда.

Мактабда 158 нафар ўқувчи икки сменада ўқийди. Йигирмага яқин синфхона бўлишига қарамасдан, ўнта синфхонада дарс ўтилмоқда. Бу ҳолатни мактаб директори Байрамбой Турсунов: “Ўтинни тежашимиз керак, ҳатто ўқитувчилар хонаси ҳам совуқ. Биз учун энг муҳими, ўқувчиларимизнинг совқотмаслиги”, – дея изоҳлади.

Қирантоғ овулидаги 30-мактабга келтирилган 60 тонна брикетнинг сифати ҳам талаб даражасида эмас. “Мактабимизда олтита қозонхона мавжуд, уларни қиздириш тизими қониқарли ишлаб турибди, – дейди маънавий-марифий ишлар бўйича директор ўринбосари Гулчеҳра Пиржанова. – Лекин мактаб учун ажратилган брикет яхши қиздирмаётгани, иссиқлик бермаётгани учун ўтин сотиб оляпмиз”.

Г.Пиржанованинг қўшимча қилишича, бир мавсум учун камида 5-6та трактор тиркамасидаги ўтин сарф бўлади. Бир тиркама ўтин 700-750 минг сўмга сотиб олинади. Ўтин учун харажатлар эса ўқитувчиларнинг маошларига қараб тақсимланади. 562 нафар ўқувчи таълим олаётган мактабга 8 км узоқликдан қатнаб ўқиётган ўқувчилар ҳам бор. Шу боис муассасага автобус ажратилиши ҳам кун тартибидаги масала.

“Кўмир ўз-ўзидан ёниб кетиши қийин. Бошида озгина ўтин, кейин кўмир ёқамиз, – деди Шўртонбой овулидаги 23-мактаб директори Клара Ўтемуратова. – Шунинг учун ўтин олганмиз. Лекин бизга келтирилган кўмирнинг сифати яхши”.

Нукус тумани халқ таълими бўлими иситиш тизимларини назорат қилиш мутахассиси Аманлиқ Халмуратовнинг Turon24га билдиришича, у кўмир ва брикетлар сифатини назорат қила олмайди. Унинг вазифаси фақат ажратилган кўмирларни тарқатишдан иборат.

Нукус туманида жами 14 та мактаб ёқилғи маҳсулоти билан қиздирилади. Ушбу мактабларга 2018-2019 ўқув йили учун 369 тонна брикет ва 14 тонна кўмир етказиб берилган.

Turon24га интервью берган халқ таълими вазири ўринбосари Отабек Назиров вазирлик томонидан мактабларга етказиб берилаётган кўмирнинг сифати ўрганилгани, аксар ҳолларда унинг сифати жуда паст бўлиб чиққани, мактабларга етказиб берилаётган кўмирнинг ярмидан кўпи кукун ёки нам брикетлардан иборатлигини маълум қилганди. Сентябрь ойида Халқ таълими вазирлиги маҳаллий ҳокимликларни куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, ўқувчиларга яхши таълим олишлари ва уларга қулай шароитларни яратиш учун зарур чораларни кўришга чақирган.

Президент Шавкат Мирзиёев 2 ноябрь куни халқ таълими тизимини янада ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказган, унда мактабларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларининг бориши ҳам муҳокама қилинган эди. Йиғилишда Халқ таълими ва Молия вазирликлари маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда 2 ҳафта муддатда мактабларни куз-қиш мавсумига тўлиқ тайёрлаш чораларини кўриши зарурлиги таъкидланганди.

Нукус тумани айрим мактабларида ўқитувчилар ҳисобидан ўтин сотиб олинмоқда

Маълумот turon24.uz’дан олинди.

Бўлимлар