Мўйноқлик ёшларга давлат гранти асосида 50 та квота ажратилди

Президент Шавкат Мирзиёев шу йил 15−16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи буюрди. Ташриф чоғида давлат раҳбари Мўйноқ туманида ҳам бўлиб, маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашди. Фикр-мулоҳаза ва таклифларни тинглади. Бу ҳақда Мўйноқ туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари, халқ депутатлари туман кенгаши депутати Жамила Давлетова «Маърифат» газетасида эълон қилинган мақоласида таъкидлаб ўтди.

Жамила Давлетованинг айтишича, туманни малакали тиббиёт ходимлари ва ўқитувчилар билан таъминлаш борасида президентдан ёрдам сўралган. Туманда ишлаётган тиббиёт ходимларининг тўртдан бир қисми пенсия ёшидагилардан иборат, яна салмоқли қисми бошқа туманлардан қатнаб ишламоқда. Шундай бўлса-да, тиббиёт муассасаларида яна 13 иш бирлигига тенг бўш ўрин бор. Ўқитувчилар орасида ҳам худди шундай ҳолат.

Бу фикрларни тинглаган Шавкат Мирзиёев шу ернинг ўзида Мўйноқ тумани ёшлари учун давлат гранти асосида 25 та тиббиёт, 25 та педагогика йўналиши бўйича квота ажратишга кўрсатма берди.

Шунингдек, бошқа туманлардан қатнаб ишлайдиган тиббиёт мутахассисларини тураржой билан таъминлаш, марказий шифохона ва сил касалликлари шифохонасига биттадан автоулов ажратиш тўғрисидаги илтимос ҳам президент ташрифи доирасида ижобий ҳал этиладиган бўлди.

Бўлимлар