Ислом дунёси: Қоидасиз уруш ёхуд жиҳод террор дегани эмас

Террор ва зўравонлик воқеалари ҳақида тарқалаётган хабарлар ўн йилликларни қаритиб бормоқда. Лекин кейинги пайтда мудҳиш ҳодисалар сони камайиш, тугаш ўрнига тобора кўпайётганини ўйласангиз, ҳадикка тушасиз.

Ислом динида инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва вазифалари очиқ-ойдин баён қилинган. Унда зўравонлик лаънатланиб, тинчлик-осойишталик тарғиб қилинишига қарамасдан, диний тушунча ва тасаввурларни бузиб кўрсатиш орқали хунрезликлар содир этаётган турли тўдалар ва уларнинг буйруқбардор аскарлари ўз мақсадлари йўлида ҳеч нарсадан тап тортишмаяпти. Минг-минглаб бегуноҳ инсонлар, соф эътиқодли мусулмонлар уларнинг қурбонига айланмоқда.

Албатта, мусулмонлар томонидан ҳар қандай зўравонлик ва босқинчилик ҳаракатлари содир этилишини дин оқламайди. Исломнинг энг асосий манбаси бўлган Қуръони Каримда шундай баён қилинади: Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва Ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак, у гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни, ўлдиришдан бош тортса), демак, у гўё барча одамларга ҳаёт берибди («Моида» сураси, 32-оят).

Мазкур оятда Исломнинг инсонпарварлиги кўзга ташланади. Яъни бир кишини ноҳақ ўлдириш бутун жамиятни ўлдириш, бир кишини ҳалокатдан сақлаб қолиш эса бутун жамиятни асраб қолишдир, деб таъкидланади.

Бу ояти карима инсон ҳаётининг қанчалик қийматли эканига ёрқин далилдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон кишининг асосий сифатини баён қилаётганларида шундай дедилар: «Мусулмон – одамлар унинг қўли ва тилидан озор кўрмаган кишидир».

Ислом дини бузғунчиликни эмас, тинчлик ва осойишталикни мақсад қилган. Ислом таълимотларига бўйсунмаган ҳолатда бегуноҳ ва маъсум инсонларнинг жабр кўришига сабаб бўладиган қўпорувчилик ва бузғунчиликка асосланган ҳар қандай хатти-ҳаракат шариатимизга зиддир. Бугунги мусулмонлар икки қийин вазифа қаршисида туришибди: ораларидаги мутаассиб тарафкашликка барҳам бериш ҳамда турли муҳитларда ва ёмон ниятли кишилар таъсирида озуқаланган ғояларини тузатиш.

Қурол ишлатиш ҳуқуқи

Ваҳий келгандан сўнг Макка шаҳрида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотга эргашган мусулмонлар сиқувга олинади, масхара қилинади, зулм ўтказилиб, жамиятдан ажратиб қўйилади, ҳатто турли ҳужумларга ҳам учрайди. Оғир адолатсизликка юзма-юз келишига қарамасдан бу пайтда нозил бўлган оятлар жиҳодга рухсат бермаган. Турли босимлар остида қолган мусулмонлар юзма-юз бўлаётган зўравонликларга жавоб қайтариш учун рухсат сўраганларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дастлаб изн бермаганлар. Саҳоблар қуролли мужодалага рухсат берилмагач, бу жараёнда ўзбошимчалик билан ҳаракат қилиб, мушрикларга ҳужум қилишмаган.

Мадинага ҳижрат қилингандан сўнг Аллоҳ йўлида жиҳодга буюрилган оятлар нозил бўлган.[1] Ҳазрати Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам Мадинада ҳокимият бошқарувчиси сифатида душманларга қарши қилинган қуролли тўқнашувларга рухсат берадилар. Ва ўзларига эргашган мусулмонларнинг ўз билганларича уруш бошламаслигини қаттиқ назорат қиладилар.

Саодат асрида шахсларнинг ўзлари душман бўлган жамоаларга қарши ўз қарорлари билан қуролли ҳужумларни амалга оширишлари ваколатларидан ташқарига чиқиш сифатида баҳоланиб, бундай хатти-ҳаракатлар танбеҳ берилган, танқид остига олинган, ўрни келганда жазоланган. Худди шундай Нахла воқеасида Абдуллоҳ ибн Жаҳш бошқарувидаги аскарлар Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи вассалламнинг рухсатлари бўлмагани учун Қурайшнинг карвонига ҳужум қилишлари маъқулланмаган.

Ислом тарихида «Биъри мауна» фожиаси сифатида эсланадиган воқеада Нажд водийсига юборилган бошқарув ҳайъати ҳужумга учраб шаҳид бўлишади ва фақат туяларини ўтлатишга кетган Амр ибн Умайягина қутилиб қолади. Амр Мадинага қайтаётганида йўлдошлари учун қасд олиш мақсадида йўлда Нажд қабиласидан бўлган икки кишини ўлдиради. Унинг бу ишини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хато ҳисоблаб, ўлдирилган икки киши учун товон пулини қариндошларига тўлаттирганлар.

Бу ҳукмни ўрганиш учун мурожаат қилинган далилларнинг асослари ҳам қурол ишлатиш ҳуқуқи фақат давлат органларида бўлиши кераклигини кўрсатмоқда. Ўзи тўғри деб билганларини бошқаларга қабул эттириш мақсадида ҳар ким қуролга мурожаат қиладиган бир жамиятда асосий манбалардан бўлган ва ишончли ҳимоя остида бўлиши керак бўлган жон ва мол осойишталигини таъминлаб бўлмайди, шахсларга зарар устига зарар берадиган унсурлар жамиятда кўпайиб кетади. Зарарнинг олди олиниш фойда кўришдан кўра манфаатлироқдир. Бу фиқҳда «Зарарни кетказиш фойдадан муҳимроқдир» шаклида ифода қилингандир.

Бу ерда фиқҳ асослари қурол ишлатиш ҳуқуқи ҳокимиятга оид бир ҳуқуқ эканини кўрсатмоқда. Душманга уруш эълон қилиш давлат бошқарувчисининг ваколатига киради. Шахсларнинг ўз қарашларига кўра бундай бир қарор беришга ваколатлари йўқдир. Мазкур қоиданинг бир истисно ҳолати бор. Яъни, давлат душманлар томонидан босиб олинган бўлиб, ўз ваколатлари бўйича қарор ололмайдиган ҳолатда бўлсагина шахслар, гуруҳлар ва жамоатлар ватан ҳимояси учун ташаббусни ўз қўлларига оладилар. Керак бўлса душман босқинларини бартараф этгунича душман кучларига қарши қуролли жангга киришлари уларнинг ҳаққидир, ҳатто вазифалари бўлиб ҳисобланади. Қурол ишлатишга қарор бериш ўлим ва яраланишларга сабаб бўлгани туфайли шахслар ёки гуруҳлар ўзларича қурол тутишлари тўғри бўлмайди. Бундай қарорларни ҳокимият (Жамият бошқарув органлари) қабул қилмоғи даркордир-ки, бу ҳам урушнинг тан олинган ҳолатлардагина мумкин бўлади. Ҳар хил ташкилот ва гуруҳлар ўз мақсадларига етишиш йўлида қуролларни бир восита сифатида ишлатишлари ҳуқуқ (ваколат) нуқтаи назаридан ноқонуний ҳисобланади.

Мусулмон диёрларида босқинчилик ҳаракатлари

Фақиҳлар инсонлар яшаган жамиятларни «дорул-ислам» – ислом диёри, «дорул-ҳарб» – уруш диёри, «дорус-сулҳ» – сулҳ диёри шаклида гуруҳларга бўлиб, ҳар бирига оид шаръий ҳукмларни алоҳида-алоҳида баён қилганлар. «Дорул-ҳарб» деб сифатланган жамиятларда урушни машруъ қиладиган сабаблар юзага келганда уруш ҳуқуқи доираси ичида қуролли мужодалага рухсат берилади. Фақат куфр аҳлидан бўлиш баробарида, мусулмонлар билан келишуви бўлгани учун «дорус-сулҳ» гуруҳига кирадиган мамлакатларда ва ўзининг том маъноси билан мусулмонлар яшаган ўлкаларни ифода қилган «дорул-ислом»да қуролли босқинчилик шаръан тўғри бўлмайди. Бундай заминларда жон ва мол хавфсизлигини таъминлаш диннинг асосий мақсадлари ва ғояларини амалга ошириш учун ҳам зарурдир.

Ҳатто уруш остида бўлган ва душман заминларида яшаган, лекин жанговорлик сифатига эга бўлмаган инсонларнинг ўлдирилишига рухсат бермайдиган Ислом дини аксарият халқи мусулмон бўлган ўлкаларда бегуноҳ инсонлар ўлдирилаётган, нишонга олинаётган ҳужумларга шаръан рухсат кўзи билан қараши мумкин эмасдир. «Нисо» сурасининг 93-оятида бир мўмин кишини қасддан ўлдирганлар жаҳаннам азобига дучор бўлиши хабар берилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда «Дунёнинг йўқ бўлиб кетиши Аллоҳ наздида бир мўминнинг ноҳақ ўлдирилишидан кўра енгилроқдир» деб бу жиноятнинг оқибати қанчалик ёмон эканига ишора қилмоқдалар (Ибн Можа ривояти).

Терроризм

Сўз маъноси сифатида қўрқитиш, заифлатиш ва йўқ қилишни англатган террорнинг характеридаги бошланғич унсурлар: куч ишлатиш, қўрқитиш ва босқинчилик, давлат бошқарувини издан чиқариш, инсоний туйғулардан мосуво, шафқатсиз усуллардан фойдаланиш ва одатда бегуноҳ фуқароларни нишонга олишдир.

Террор унсурлари текширилганда уруш билан унинг орасида жиддий фарқлар кўзга ташланади. Террордан мақсад қарши тарафни қўрқитиш ва заифлатишдир. Урушда эса жисмоний ҳаракат билан мақсад орасида параллеллик мавжуд. Террорда фоил (қотил) билан жабрланувчи орасида умуман бир алоқа йўқдир. Жабрланувчилар кўп ҳолатларда бегуноҳ фуқаролар бўлади. Террор қоида ва ахлоқий нормаларни танимайди. Урушда эса нишондагилар фақат жангчилардир. Террорда мақсадга эришиш йўлида ҳар қандай ҳаракат жоиз қилиб олинади. Урушда эса қийноқ қўлламаслик, элчиларга тегмаслик каби бузилмаслиги шарт бўлган бир қанча қоидалар мавжуд.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уруш кимларга қарши ва қандай шартларда эълон қилинишини баён этгандир.[2] Асри саодат замонларидаги қоидалар асос олиниб, ҳижрий иккинчи юз юл йилдан эътиборан ёзилган сийрат китобларида уруш қоидалари батафсил баён қилинган. Жанг қилишдан бошқа чора қолмаганда бир жамоага қарши уруш эълон қилиниши у ерда яшаётган ҳар кимни ўлдириш мумкин деган, маънони англатмайди. Урушда фақат ҳарбийлар ва ҳарбийликка оид кишилар ўлдирилади. Урушга қатнашмаган аёллар, болалар, қариялар, дин олимлари, деҳқонлар ва касалларнинг ўлдирилиши жоиз эмасдир. Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам урушда ўлдирилган бир аёлни кўрганларида, бу ҳолатдан қаттиқ норозиликларини билдириб, аёл ва болаларни ўлдиришдан қайтарганлар.

Террор амалиётларининг эса қоидаси йўқдир. Инсоният ўйлаб топган зўравонлик ва террор аждарҳоси фақатгина инсон бошини янчибгина ўз ҳаётини давом эттирмоқда. Бутун дунёни глобал даражада қамраб олган террор бугунги кунда инсониятнинг энг муҳим муаммоларидан бирига айланди. Чунки бундай ғайриинсоний ҳаракатлар билан инсонларнинг одамийлиги ва қадр-қиммати йўқ қилинмоқда.

Террор инсонларнинг яшаш ҳуқуқига тажовуз қилиб, бутун дунёга таҳдид солмоқда. Шунинг учун ҳам динга соф эътиқод қиладиган кишилар террор ва терроризмнинг юзага келишига сабаб бўлаётган омилларни йўқ қилишга астойдил интилишлари шартдир.

Бугунги кунларда Ислом дунёсида содир бўлаётган босқинчилик ва зўравонлик ҳаракатлари террор ҳаракати эканлигига шак-шубҳа йўқдир. Ислом адолатсизлик, тажовуз ва зулмга асло изн бермайди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш иймон келтирганларнинг ҳам вазифаларидан ҳисобланади. Фақатгина мақсаднинг машруълиги етарли бўлмай, бу мақсадга элтадиган йўл ҳам машруъ бўлиши жуда муҳимдир. Террор йўли билан эришиладиган ҳеч қандай мақсад машруъ бўлиши мумкин эмас. Бутун мавжудотларга меҳр билан муносабатда бўлишни тарғиб қилган Ислом дини бегуноҳ инсонларни ваҳшийларча ўлдирган террор ҳаракатларига асло эътиборсиз қараб турмайди.

Ислом номига ва мусулмон шахсиятига зарар бериши

Ислом дунёсидаги низолар, қон тўкишлар, худкушликлар энг катта зарарни Ислом номига ва мусулмон шахсиятига бермоқда. Исломга яширин ёки очиқ-ойдин душманлик ҳиссини туйганлар ҳар доим илк имкониятларида зарар беришга ҳаракат қилмоқдалар. Охирги пайтларда юзага келаётган террор воқеаларини Ислом дини билан алоқадор қилиб кўрсатиш орқали динни ва унга эътиқод қилувчи мусулмонларни дунёга ёмон кўрсатишга эришиб бўлдилар. Дунё ҳамжамиятига тақдим қилинаётган кундалик хабарлар ва янгиликлар оқимида Исломни террор сўзи билан бирга тилга олинаётгани тез-тез кўзга ташланмоқда.

Матбуот ва баъзи доиралар тарафидан юритилаётган бу турдаги ташвиқотлар шунчалик чуқур илдиз отганки, дунё ҳамжамиятида содир бўлаётган ҳар хил зўравонликлар ҳолатлари алоҳида бир воқеа сифатида баҳоланмайдиган аҳволга келиб қолган. Қуръон, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Исломнинг ўзини ҳам зўравонликка хослаштиришга уринаётганлар бор.

Ғарб жамиятида охирги пайтларда мусулмонлар тарафидан содир этилаётган зўравонлик ҳаракатларига нисбатан кўплаб исм атамалари ишлаб чиқилмоқда, бу атамаларнинг мазмуни «Ислом – террорнинг манбаси, Ислом террор динидир» дейишга қаратилгандир. Бундай уйдирмалар мусулмон бўлмаган жамиятларда ўз салбий таъсирини кўрсатиши кундай равшан. Ҳудайба тинчлик шартномаси жорий бўлган йилларда Исломни қабул қилганлар сони аввалгига қараганда кўпчиликни ташкил қилган. Бунинг асосий сабаби мусулмон бўлмаганлар иймон келтирганларни яқиндан танишга имконият бўлган. Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълим-тарбияларини олган етук ва комил инсонийликни ўзида намоён қилган мусулмонлар атрофдаги қабила ва давлатларнинг ҳурмат ва ҳайратини қозонишгани ҳам Исломни яқиндан танишга ҳамда мусулмонларнинг сафи кенгайишига сабаб бўлган.

Дин номи билан қилинаётган зўравонлик ва босқинчилик ҳаракатлари мусулмон бўлмаганларнинг мусулмонларга нисбатан айблов кўзи билан қарашига олиб келмоқда. Бу ҳолат эса, Исломнинг инсониятга етказилишига ва ўргатилишига монеъ бўляпти.

Мазҳаб ва миллатчилик

Ислом дунёсидаги тўқнашувларнинг сабабларидан бири фиқҳий, эътиқодий ва сиёсий қарашларнинг фарқлиликлари тафриқа ва бўлинишларга олиб келишидир. Инсонларнинг бошқа-бошқа мазҳаб ва миллатга (уруғларга) мансуб экани, диннинг асосий принципларида фарқ йўқлиги пайтида бу табиий одатий ҳолат, деб қабул қилиниши керак бўлган бир ўринда мутаассибликнинг таъсири туфайли мўмин киши ўзидан бошқа бир гуруҳга оид бўлган бошқа мўмин кишини энг катта душмани сифатида кўрмоқда.

«Мўминлар фақатгина биродардирлар» («Ҳужурот» сураси, 10-оят) ояти Ислом динига мансуб бўлган кишилар орасида айирмачилик бўлмаслиги, аксинча қардошлик, биродарлик ҳақлари устун бўлишини баён қилмоқда. Ижтимоий ва психологик нуқтаи назардан баъзи кишиларнинг гуруҳлашишини ёки бир ном остида бирлашишларини машруъ қилиш зарурати мавжуд. Аммо бир гуруҳга оид киши мутаассиблик билан ўз гуруҳи манфаатларини ҳимоя қилиб, айни диндан бўлган бошқа бир кишини душман сифатида кўришни бошлаганида Исломнинг асосий мақсадларининг бузилишига олиб келгани учун чегарадан чиққан ҳисобланади.

Тарихдан мусулмонлар орасида жанжал ва низолар пайдо бўлишининг асосий сабабларидан бири қаршисидаги мусулмон кишини кофир деб аташидир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмин бир кишини кофир дейишнинг катта гуноҳ экани ҳақида огоҳлантиришларига қарамасдан, мазҳаб ёки жамоат мутаассиблигининг таъсирида фарқли қарашга эга бўлганларни кофир дейишга журъат қилмоқдалар. Фиқҳий қоидага кўра, зоҳирга қараб ҳукм бериш асос бўлиши лозим. Инсонларнинг ўз иродалари билан айтган сўзлари қабул қилиниши лозим. Мусулмонлигини изҳор қилган бир киши шарҳланиши мумкин бўлган бир мавзуда бошқа қарашни ҳимоя қиляпти, деб кофирга чиқаришга ҳаракат қилиш орқали зиддият ва низони келтириб чиқариш шаръан ҳам мумкин эмас.

Осойишталик ва жамият хавфсизлигига таҳдид

Жамият хавфсизлиги, осойишталик ва тинчликнинг барқарор бўлиши давлат ва давлат ташкилотларининг ҳар қандай таҳдиддан узоқда бўлиши демакдир. Ушбу концепциянинг мазмуни жамоаларнинг ишонч ва эҳтиёжларига кўра замон ва макон нуқтаи назаридан ўзгаришига боғлиқ. Бугун ривожланган давлатларда ижтимоий тартибнинг хавфсизлик (жони ёки молига зарар берадиган хавфдан сақланиш), соғлик (касаллик хавфларидан жамиятни қўриқлаш мақсадида керакли тадбирларнинг олиниши) ва тинчлик (тартибсизлик ва низоларнинг йўқ қилиниши) элементларидан ҳосил бўлиши қабул қилинмоқда.

Хавфсизлик тушунчаси шахс ҳимояси ва ҳаётини сақлаб қолиш учун қилинган ҳаракатларни ўз ичига олган бир ҳодисадир. Хавфсизлик туйғуси инсоннинг туғилишидан эътиборан умри давомида муҳтож бўладиган ҳақиқатдир. Хоҳ ёлғиз, хоҳ жамоа бўлиб яшасин, хавфсизлик ҳолати ҳаётнинг асосий динамикаси сифатида намоён бўлмоқда.

Ижтимоий тартиб ва хавфсизлик таъминланмаган бир жамиятнинг ҳаётийлигини таъминлаш мумкин бўлмай қолади. Шунинг учун ҳам қонунларни қабул қилишда омманинг манфаати шахснинг манфаатидан устун қўйилган, инсонларнинг эркинликлари ижтимоий тартибга зарар берадиган нуқтада чегараланган. Дарҳақиқат, шундай бир қоида ҳам бор: “Оммага келадиган зарарнинг олдини олиш учун шахсий зарарга кўз юмилади”. Бу ҳуқуқнинг асл вазифаси хоҳ миллий, хоҳ ҳалқаро соҳада бўлсин, кучлар ишлатилишига чегара тайин қилишдир.

Давлатлар ичидаги тўқнашувлар халқаро ҳуқуқ доирасига кирмайди. Фақат бугунги кунда кучли давлатлар ўзининг сиёсий манфаатлари учун бошқа мамлакатлардаги ички низолардан фойдаланмоқда, очиқчасига уруш қилиш ўрнига бевосита аралашишни танлашмоқда. Ҳатто ўз манфаатларига мос келадиган шароит юзага келтириш учун бошқа давлатларда сиёсий ва иқтисодий инқирозлар келтириб чиқариш учун масъул ташкилотлар барпо қилишган. Хулоса қилиб шуни айтишимиз мумкинки, бугунги дунёмизда борган сари халқаро зиддиятлар билан ички низолар орасида чегара йўқолиб бормоқда. Ислом мамлакатларидаги тўқнашувлар аксар вақтда маҳаллий кўринишга эга бўлса-да, халқаро ҳарбий кучларнинг алоқаси йўқ деб айтолмаймиз. Ислом мамлакатларининг кучли, барқарор ва мустақил қарор қабул қилиш тизими соғлом ишлайдиган бир тузилмага айланиши глобал кучлар томонидан таҳдид унсури сифатида кўрилмоқда. Миллий хавфсизлик таъминланмаган муҳитларда бундай кучларнинг мақсадларига осонгина эришишига имконият яратиб берилмоқда. Шу сабабли балки билиб, балкида билмасдан Ислом ўлкалари ичидаги тўқнашувларда иштирок этаётган гуруҳлар бу глобал кучлар мақсадига хизмат қилмоқда.

Зўравонлик ва террор билан озиқланувчи давлатлар

Бугунги кунимиздаги оммавий ахборот воситалари террорга алоқадор хабарларни олдинги ўринга қўймоқда, ҳатто болалар учун тайёрланган мултфильмлар ва ўйинларда ҳам зулм ва зўравонлик саҳналарига кўплаб ўрин беришмоқда. Ғарбнинг айрим сиёсатчилари оёғи етган ҳамма жойни зўравонлик ва террор ботқоғига айлантириш масаласида жуда маҳоратли бўлиб кетишган. Беқарорликнинг глобал мавқеда тарқалиши бир қанча ғарб давлатлари ва кучларининг манфаатларига хизмат қилади.

Тартиб ва барқарорлик бўлган бир юртда ташқи кучларнинг бемалол ҳаракат қилиши, ўз манфаатлари учун ўзлари ишлаб чиқарган қуролларига бозор топишига имконият бўлмайди. Буни англаб етган глобал кучлар Ислом дунёсини қачон тугаши номаълум бўлган иқтисодий бўҳрон ёки уруш чамбари ичида яшатиш учун бор кучларидан фойдаланмоқдалар. Мазкур тузоққа илинган мусулмонлар қўпорувчилик ҳаракатлари билан мустамлакачи кучларнинг ноғорасига ўйнашмоқда.

Фиқҳ китобларида «дорул-ҳарб» бўлган мамлакатларга урушда ишлатиши мумкин бўлган от-улов, қурол, зирҳ (совут), темир каби ашёларни фақат пул топиш мақсади бўлса ҳам сотиш мумкин эмас, бу тақиққа амал қилмаганлар жазога тортилиши баён қилингандир. Бу ҳукмнинг асосида душманларнинг кучайишига фурсат бериш ва бунинг мусулмонларга зарар бўлиб қайтиб келиши фикри ётади. Ислом мамлакатларидаги тўқнашувлар ва низолар муҳити мустамлакачи ўлкаларнинг мавқеларини ва қувватларини янада оширишини ўйлайдиган бўлсак, бундай фурсатни уларга бериш ҳеч қачон тўғри бўлмайди.

Хулоса

Дунёда ҳаловат ва осойишталик таъминланмаган ҳудудларнинг аксарияти мусулмонлар истиқомат қиладиган ўлкалардир. Ҳар куни газета ва телевидениеда зўравонлик ва босқинчилик хабарларига гувоҳ бўлмоқдамиз. Инсонларнинг ҳаётига зомин бўлаётган бу ҳаракатлар кўринишда ҳар хил сабаблар туфайли амалга ошаётган бўлса-да, натижаси мусулмонларнинг зарарига бўлмоқда.

Ислом дунёсидаги содир бўлаётган ушбу ҳаракатларнинг сўзда Ислом номидан қилинаётгани энг ачинарли ҳол эканига шубҳа йўқ. Қўлига қурол ёки пичоқ олиб, тавҳид калимасини айтган ҳолда бегуноҳ бир жонга қасд қилиш ҳолатларини шариат нуқтаи назаридан ечиш масъул кишилар олдида турган муҳим вазифалардандир.

Бу ҳолатларни шариат тарозисига солиб кўрсак, машруъ ҳаракат эмаслиги ўртага чиқмоқда. Қўлига қурол олиб, душман гуруҳларга қарши ҳужум қилиш қарорини олишни шахсларнинг ташаббусига ташлаб қўйиб бўлмайди. Бу ҳуқуқ аввало давлат бошқаруви ваколатида экани идрок этилмоғи даркор. Мусулмонлар маскан тутган ерлар дунёнинг ҳар қандай жойидан кўра энг яхши халоват, хавфсизлик ва осойишталик таъмин этилган ерлар бёлиши керак. Ислом дини бузғунчилик эмас, осойишталикни мақсад қилади. Бегуноҳ ва маъсум инсонларнинг жабрланишига олиб келадиган террор унсурларини ўз ичига олган бутун ҳаракатлар шариатга зиддир.

«Ислом дунёсидаги зўравонликлардан кимга фойда» деган саволга берадиган жавобимиз ҳам бу ҳаракатларнинг машруъ эмаслиги ҳақидаги натижани бизга қайта эслатади. Чунки яширин ва очиқ мустамлакачилик ҳаракатларини ўз ичига олган тоифалар мавжуд зўравонлик ҳаракатлари билан хоҳлаган мақсадларига етишмоқдалар, мусулмонлар беқарорлик исканжасида жон талашаётган бир пайтда, ерости ва ерусти бойликларини турли келишувлар асосида талаш, уларга эга бўлиш имкониятларини топишмоқда. Охир-оқибат Ислом дунёси ютқазмоқда.

Бунда тилга олинган далиллар асосида таъкидлаб, урғу бераётганимиз нуқта шуки, Ислом дунёсида тез-тез кўзга ботаётган, ҳеч қандай қоидага бўйсунмаган, зўравонлик ва босқинчилик ҳаракатлари машруъ эмасдир (ноқонунийдир).

[1] Qarang: Baqara surasi, 216; Niso surasi, 177, 84; Anfol surasi, 65, 74; Tavba surasi, 38.

[2] Muslim, Cihad 2, 1731.

Бўлимлар