Президентининг собиқ матбуот котиби Комил Алламжонов Матбуот ва ахборот агентлигига раҳбар вазифасини бажарувчи этиб тайинланди

Ўзбекистон президентининг собиқ матбуот котиби Комил Алламжонов 28 ноябрь куни Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақдаги ҳукуматнинг қарори 28 ноябрда имзоланди.

Агентликнинг олдинги раҳбари Лазиз Тангриев бошқа ишга ўтгани муносабати билан лавозимидан озод этилганди.

Комил Алламжонов 2017 йил декабридан 2018 йил августига қадар президент девони Ижро аппарати раҳбари ўринбосари – президент матбуот котиби лавозимида ишлаган. Президент девони президент администрациясига айлантирилгач, Алламжонов администрация раҳбари ўринбосари – президент матбуот котиби этиб тайинланган (2018 йил август – октябрь).

Комил Алламжонов 2018 йил 3 октябрь куни давлат хизмати давомида соғлиғи ёмонлашгани туфайли ўз хоҳиши билан эгаллаб турган лавозимларидан озод этишни сўраганди.

Алламжонов 2005-2009 йилларда Давлат солиқ қўмитасининг матбуот хизмати раҳбари вазифасини бажарувчи, 2009-2013 йилларда эса ушбу лавозимда расман ишлаган.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги оммавий ахборот воситалари, ахборот алмашиш, матбуот, ноширлик, матбаачилик, ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органидир.

Агентликка Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бош директор бошчилик қилади. Бош директор моддий, маиший, транспорт ва тиббий хизмат кўрсатиш шартлари бўйича вазирга, бош директорнинг биринчи ўринбосари — вазирнинг биринчи ўринбосарига, бош директорнинг ўринбосари — вазирнинг ўринбосарига тенглаштирилади. Бош директорнинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Президентнинг 2017 йилдаги фармони билан агентликнинг асосий вазифалари этиб:

ОАВ фаолиятига доир қонунчилик ижросини таъминлаш;

оммавий ахборот воситалари, ноширлик, матбаачилик ва ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантириш;

ОАВ, ноширлик, матбаачилик ва ахборот-кутубхона фаолиятида қонун ҳужжатлари, давлат ва тармоқ стандартларига риоя этилиши, сўз ва ахборот эркинлиги кафолатларига риоя этилиши борасида мониторинг ва назоратни амалга ошириш;

ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ахборот соҳасидаги хуруж ва таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган чораларни амалга оширишда иштирок этиш;

хорижда ўзбек тили ва адабиётини кенг тарғиб қилиш, нашриётларга китобларнинг халқаро китоб бозорида ўз мавқеи ва салмоғига эга бўлишида кўмаклашиш;

мулкчилик шаклидан қатъи назар ОАВ учун медиа бозорида тенг шароитлар яратиш бўйича зарур тадбирлар ишлаб чиқиш кабилар белгиланган.

Бўлимлар