Қорақалпоғистонда ёшлар фестивали бошланди

Нукусда Конституциямиз қабул қилинганининг 26 йиллиги муносабати билан “Ўзбекистон ёшлари – янги замон бунёдкорлари!” шиори остида ёшлар фестивали бошланди. 

– Фестивални ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларда мамлакатимизда рўй бераётган янгилик ва ўзгаришларга дахлдорлик туйғусини юксалтириш ва навқирон авлодни турли ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилган, – дейди Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси ўринбосари Бибижан Аралбаева. – Шунингдек, уларни Ватанга муҳаббат ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, давлатимиз томонидан ёшларга яратилаётган шароит ва имкониятларни кенг тарғиб этиш, турли йўналишларда муваффақиятга эришаётган истеъдодли ва фаол ёшларни рағбатлантириш, уларнинг истеъдод ва салоҳиятини намоён этишига кўмаклашишдан иборат. 

Фестиваль доирасида “Ёшлар кутубхонаси”, “Болалар китоби”, “Ёшлар нашрлари кунлари”, “Келажак бунёдкорлари”, “Табиат тарафдорлари” ва “Юқори малакали бепул тиббий хизмат” лойиҳалари ҳамда “Мустаҳкам оила сири” ёш оилалар форуми ташкил этилади. Касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида футбол бўйича “Ёшлар иттифоқи кубоги”, уюшмаган ёшлар ўртасида шахмат бўйича “Ёшлар шахмат тахтаси”, бокс бўйича “Алпомиш издошлари” мусобақалари ўтказилади. Шунингдек, “Конституция ҳафталиги”, “Ёшлар билан очиқ мулоқот” лойиҳалари доирасида “Ҳоким ва ёшлар”, “Суд ва ёшлар”, “Депутат ва ёшлар”, “Прокурор ва ёшлар” учрашувлари, “Менинг далам – менинг фахрим” шиори остида ёш фермерлар томонидан етиштирилган маҳсулотлар кўргазмаси ва “Бизнес саёҳат” лойиҳалари ташкил этилиши режалаштирилган. 

5.JPG

 

8-faqat saytga.JPG

 

“Фарзандлик бурчим” патронаж ёшлар лойиҳаси доирасида ҳар бир ҳудуддан камида 5 нафардан эҳтиёжманд аҳоли ҳолидан хабар олиниши халқимизга хос меҳр-оқибатнинг ёрқин намунасидир. 

Турли мавзулардаги давра суҳбати ва очиқ мулоқотлардан ташқари чекка қишлоқлардаги таълим муассасалари, маҳаллалар, ҳарбий қисмлар ва касалхоналарга китоблар совға қилиш, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари ҳолидан хабар олиш, тажрибали шифокорларни жалб қилган ҳолда бепул тиббий кўриклар ҳам ташкил этилади. 

Фестиваль жорий йилнинг 2 декабрь санасига қадар барча шаҳар ва туманларда, олис қишлоқларда давом этади. 

 

 

Есимхон Қаноатов, Максад Хабибуллаев (сурат), ЎзА

Бўлимлар